Номзодлар рўйхатга олинди

16:26 14 Сентябр 2021 Сиёсат
396 0

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонун талабларига мослиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Варисова Максуда Азизовна, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Мирзиёев Шавкат Миромонович Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишда маълум қилинди.

Жорий йилнинг 9-10 сентябрь куни мазкур сиёсий партиялар томонидан тегишли ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тақдим этилган эди. Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси қарори билан тузилган Экспертлар гуруҳи томонидан текширилди.

Қайд этиш жоиз, Эксперт гуруҳи аъзолари ҳар бир имзо варақасини визуал ўрганиш жараёнида, уларнинг тўғри тўлдирилганлигига, тузатишлар киритилганлигига, ўчириб ёзилган тузатишлар борлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар борлигига, тасдиқланган тузатишлар борлигига ва бошқаларга ўз эътиборини қаратишди.

Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳининг хулосасига асосан тақдим этилган имзо варақалари номзодларни рўйхатга олиш учун етарли миқдорда тўпланган ва қонун талабларига мос келади.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?