Номи бору шароити йўқ спорт маскани
Ўзбек кураши — бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Ота-боболаримиз тўй ёки сайл ўтказса, полвонлар белбоғини маҳкам боғлаб келаверган. Катта-ю кичикнинг дарахтлар тепасига чиқиб полвонларнинг курашларини томоша қилишлари, майдонга қараб “ҳалол!” деб қичқиришларини ҳамон завқ билан эслаймиз.
Тўрақўрғонлик Тўйчи полвон Сиддиқов ҳам кураги ерга тегмаган алплардан эди. У ўз маҳорати билан нафақат юртимизда, қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистонда ҳам танилган. Қайси майдонга тушмасин, бир совринсиз қайтмаган — туями, новвосми, гиламми ё бошқа бир рўзғор ашёси бўлсин, албатта, қўлтиқлаб қайтарди. Вақти-соати келиб, Тўйчи полвоннинг ўрнини катта ўғил Соиббой босди. У отаси билан томошадан томошага юриб, ўн икки ёшиданоқ кичик давраларда пишиб борди. Кейинроқ шофёрлик қилса ҳам, бирор мусобақа ҳақида эшитса, албатта уловдами, яёвми — ўша ерга етиб борарди. Отасидан оқ фотиҳа олгач, эл таниган номдор полвонлар билан беллашишга даъвогарлик қила бошлади. Енгди, енгилди — лекин Соиббой полвон деган ном чиқарди. 1957 йилда Тошкентда ўтказилган фестивалда чемпион бўлгани тўрақўрғонликларни чексиз қувонтирди. От ўрнини той босар.
Икки мингинчи йилнинг бошларида спортга кириб келган Неъматулла Тўйчи полвоннинг невараси, Соиббой аканинг тўнғич фарзанди. Унинг укалари, жиянлари ҳам сулоланинг муносиб издошига айланди. Жияни Рустам Умаров олти карра жаҳон чемпиони бўлди. Абдулла Тоҳиров, Файзулла Мунисжонов, ўғиллари Музаффар ва Алишерлар ҳам нуфузли мусобақалар совриндори. Сулола вакиллари ҳисобидан 12 та жаҳон чемпиони чиққан. Юздан ортиқ шогирдларни тарбиялаган Неъматулланинг ўзи “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибига айланди.
Наманганда спортнинг ушбу тури ҳақида гап кетганда, Тўйчи полвон сулоласи ҳурмат билан тилга олинади. Айнан, шу авлод вакиллари туфайли “Тўрақўрғон кураш мактаби” деган ибора шаклланди. Бу атама икки хил маънода қўлланилади: биринчиси — Тўйчи ота авлодларидан чиққан машҳур полвонлар сулоласи, иккинчиси эса 1993 йилда ташкил этилган, Тўйчи полвон номи берилган ва узоқ йиллар фаолият юритган таълим муассасасига нисбатан ишлатилади. Ҳозирда бу даргоҳ туман спорт мактаби номи билан фаолият кўрсатмоқда.
Бир қарашда Тўрақўрғон, умуман Наманган вилоятида белбоғли курашни ривожлантириш, уни оммавийлаштириш ва номдор полвонлар ворисларини етиштириш бўйича ишлар давом этaётгандек кўринади. Лекин олиб борилаётган ҳаракатлар кутилган натижани бермаяпти. Вилоятда кураш спортига бўлган эътибор бироз сусайгандек. Бу шогирдлари камолидан умидвор фидойи устозларни жиддий ташвишга солмоқда.
– Биргина Тўрақўрғоннинг ўзида 5 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бўлиб, ҳар бирида кураш бўлими фаол иш юритарди, – дейди Неъматулла Тўйчиев. – Бугун эса улардан биттагина мактаб қолди, холос. Эътиборнинг сустлиги шунчаликки, Косонсой, Норин, Учқўрғондаги ихтисослаштирилган мактабларда ҳам кураш бўлимлари ёпиб юборилди. Бир пайтлар вилоят номи билан танилган белбоғли курашга бу қадар эътиборсизлик ачинарли ҳол. Спортчилар орзу қилган белбоғли курашни халқаро ва Осиё ўйинлари дастурига киритиш масаласи ҳам йиллар давомида орзулигича қолиб кетмоқда. Бир нафар чемпион тайёрлаш камида уч йиллик машаққатли меҳнат эканини ҳамма билади. Илгари жаҳон чемпиони етиштирган мураббийга иш ҳақининг 50 фоизигача устама бериларди. Ҳозир эса бу кўрсаткич ярмига, яъни 25 фоизга тушиб кетган. Осиё ўйинлари чемпиони тайёрлаган мураббий устамаси эса 40 фоиздан 20 фоизга қисқартирилган. Бу тарзда давом этса, эртанги чемпионларимизни тайёрлайдиган мураббийларни йўқотиб қўямиз. Кураш қолган соҳалар каби кўзбўямачилик билан эмас, ҳақиқий ғамхўрлик ва манзилли қўллаб-қувватлашга муҳтож.
Мамлакатимиз курашчилари яқинда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган XXIII халқаро чемпионатда қатнашди. Ҳамюртларимиз унда 9 та олтин, ҳаммаси бўлиб 30 та медалларни қўлга киритдилар. Лекин узоқ мамлакатга сафар чоғида спортчиларга кўрсатилган эътибордан мураббийларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Спорт вазирлиги унга борган 40 нафар иштирокчи харажатлари учун бор-йўғи 14 миллион сўм маблағ ажратган. Бу нари борса, учтагина спортчи эҳтиёжларини қоплаши мумкин.
Белбоғли кураш оммавийлигини таъминлашда қишлоқларда истиқомат қилаётган ёшларни жамлаш, маҳоратларини сайқаллаштириш муҳим ўрин тутади. Гиламда бел олишишга иштиёқманд болалар эса ҳамма жойда етарли. Уларга машғулот учун шароит, малакали мураббий бўлса кифоя.
Тўрақўрғоннинг Сарой маҳалласида 1999 йилда фидойи спортчи Икромжон Ёқубжонов ташаббуси билан кураш клуби ташкил қилиниб, аввалига 60 нафар ишқибозни бағрига олганди. Кўп ўтмай машғулотлар учун собиқ ширкат хўжалиги клубининг фойдаланилмай ётган каттагина зали ажратилди. Орада ушбу гуруҳ туман болалар спорт мактаби тасарруфига олинди. Ўтган вақтда мингдан ортиқ курашчи, тўрт нафар жаҳон чемпионати совриндорлари етишиб чиқди. Иқтидорларга доя бўлган бинонинг аҳволи эса ҳамон абгор. Уни спорт мактаби ихтиёрига ўтказиш масаласи кўтарилганига чорак аср бўлишига қарамай, ечимини топгани йўқ. Зал қишда иситилмайди, томидан чакка ўтади. Қачонлардир берилган кураш гиламлари яроқсиз.
– Яқинда вилоят спорт бошқармасидан янги гиламлар ажратилиши маълум қилинди, – дейди И. Ёқубжонов. – Лекин қишнинг изғиринли кунлари бошланди, томни ва умуман бинони таъмирламаса бўлмайди!
Биз учун белбоғли кураш оддий спорт тури эмас, балки отамеросдир. Шу боис у миллий спорт турларининг энг олдинги қаторига қўйилса, адолатдан бўларди. Унинг обрў-эътибори нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам беқиёс. Хориж давлатларидаги нуфузли мусобақаларда “чала”, “ёнбош”, “ҳалол” каби иборалар ўзбекча такрорланиши бунинг яққол исботидир. Шундай экан, белида белбоғи бор йигитларимиз орзусига эш бўлайлик. Зеро катта курашда иштирок этаётган ҳар бир полвонимиз ортида миллат шарафи турибди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг