Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай таъминланмоқда?

20:22 05 Апрель 2021 Жамият
366 0

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича барча имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Айниқса сўнги йилларда бу борада қабул қилинган бир қанча қонун, фармон ва қарорлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш янада кафолатланмоқда. Хусусан:

Ўзбекистон Республикаси «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонуни билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш, ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги, ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, объектлар ва хизматларнинг қулайлиги ва ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ҳаётига жалб этиш каби ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга оид қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан очиқ сиёсат олиб борилмоқда. Айниқса, сўнги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кенгашнинг 46-сессиясида биринчи марта иштирок этди ва маъруза қилди. Мазкур маъруза халқаро ҳамжамият томонидан юқори даражада баҳоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги ташаббуси ва таклифларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар Режаси («Йўл харитаси») маъқулланди.

Мазкур йўл харитада «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни» ратификация қилиш масаласи кўтарилган бўлиб, ҳозирда бу борада масъул идоралар томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланилади.

Пандемияга қарамасдан, Омбудсман инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда, Парламент қатори бир кун ҳам ўз ишини тўхтатгани йўқ. 2020 йилда Омбудсман номига келиб тушган ҳар бир мурожаат унинг эътибордан четда қолмади.

Ҳисобот йилида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) манзилига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ мурожаатлар сони ўсганлиги кузатилмоқда.

Ҳисобот йилда Омбудсманга пандемия шароитида фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ 475 та мурожаат келиб тушди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслардан 100 га яқин мурожаат келиб тушди. Шундан 50 дан ортиғи ногиронлик даражасини белгилаш, 10 га яқини ногиронлик даражасини қайта кўриб чиқиш, 40 га яқини турли имтиёзлардан фойдаланиш масалалари келтириб ўтилган.

Мазкур мурожаатлар таҳлил этилганда, Ўзбекистон Республикаси ССВ ТМEК ходимлари томонидан ногиронлик даражасини белгилашда турли қийинчиликларга сабаб бўлаётганлиги ҳамда уларга имтиёзли бепул тиббий хизматлар кўрсатиш масалалари баён этилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) томонидан бу борадаги мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижасида, бир гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам ажратилишида, имтиёзли тарзда олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинишида, жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга ногиронлар аравачалари ажратиб берилишига кўмак кўрсатилди.

Масалан, ногиронлиги бўлган ҳамда 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Қ.О.нинг ва 13-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Т.Б.нинг ногиронлар аравачалари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги учун янги ногиронлар аравачаси билан таъминланишларида амалий ёрдам берилди.

Ёки, Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидан II-гуруҳ ногирони фуқаро Н.Х.нинг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) номига ёзган мурожаати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди. Ўрганиб чиқилиши натижасида, фуқаро Н.Х. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4359-сон қарорига мувофиқ, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети маъмурияти томонидан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишига ўқишга қабул қилинган.

Ёки, 14-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган 2-гуруҳ ногирони маҳкум З.А. «Омбудсман қутиси»га чап оёғи учун протез ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қолдирган. Унинг мурожаати Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигининг 2016 йил 17 майдаги 53/36-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқилиб, унга бир дона ҳасса, чап болдир протези ва протез учун пойабзал ҳамда бир жуфт қўлтиқ таёқ топширилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, юртимизда бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тартибга солиш, улар учун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этиш учун имкониятлар яратишни назарда тутувчи инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишга асосланган.

Жасур ИСЛАМОВ,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
отибияти сектор мудири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?