Ногиронлиги бўлган шахсларга сайлов участкаларида шароит яратилганми?

09:52 21 Октябр 2021 Жамият
396 0

Фото: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси вакиллари Тошкент шаҳар, Миробод ва Яккасарой туманидаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, у ерда имконияти чекланган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ҳолатини ўрганди.

Ўрганишлар давомида имконияти чекланган шахслар учун ўз сиёсий ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириш учун етарлича шароитлар яратилгани, жумладан, уларга алоҳида кабиналар ажратилгани, кириш ва чиқиш жойларида пандуслар жойлаштирилгани, кўриш имконияти чекланганлар учун брайл алифбосидаги бюллетень трафарети билан таъминлангани ва сайлов участкаларига сурдо таржимонлар жалб қилингани аниқланди.

«Тан олиш керакки ногиронлиги бўлган шахслар учун бу йилги сайлов жараёни олдинги йиллардагидан мутлақо янгича ташкил этилган» – дейди Ногиронлар Ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов. — Бугунги ўрганишларимизда сайлов участкаларида пандуслар борлиги, кар ва яхши эшитмайдиган сайловчилар учун сурдо-таржимонлар ажратилгани, кўзи ожизлар учун брайл ёзувидаги трафаретларнинг қўйилиши бизни қувонтирди. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш жараёнларида фаол иштирок этишлари учун шарт-шароитларни яратиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Мониторинг давомида сайлов участкаларига қўйилган пандусларни белгиланган талабларга мослаштириш, кўзи ожизлар учун махсус йўлакчаларни ташкил этиш, номзодлар ҳақида аудио маълумот олиш имкониятини яратиш каби тавсиялар берилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?