Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси ҳар доим эътиборда

10:59 03 Декабрь 2020 Сиёсат
346 0

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни 

Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятга интеграция қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратилмоқда.

Айниқса, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг шу масала бўйича муҳим қарор ва фармонлари қабул қилингани ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни умидсизлик ҳамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиш, ҳаётга интилишини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Албатта, ҳар бир соҳанинг ривожланиши, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, аввало, қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда қонунчиликка муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу масала ҳуқуқий томондан тўлиқ қамраб олинди.

Масалан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, илм ўрганиши, касб танлаши, ҳунар ўрганиш борасидаги ҳуқуқларини амалга ошириш масаласида Меҳнат кодексига, Таълим тўғрисидаги қонунга янги меъёрлар киритилди.

Бундан ташқари, Шаҳарсозлик кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун, ижтимоий объектларга эмин-эркин кириб чиқиши учун шароит яратиш масалалари кўзда тутилди. Биноларни қуришда, лойиҳалаштиришда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланишини ҳисобга олиш алоҳида меъёр сифатида белгиланди.

Умуман айтганда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг билим олиши, ҳунар ўрганиши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун ҳуқуқий жиҳатдан шароит яратилди. Бу борада давлат ташкилотларининг мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.

Маълумки, шу йилнинг 15 октябрь куни давлатимиз раҳбари «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунни имзолади. 2021 йилдан эътиборан кучга кирадиган мазкур Қонун орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича мутлақо янги тизим яратиладиган бўлди.

Бу борада ишларнинг барчаси жисмоний имконияти чекланган кишиларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилиши билан аҳамиятга эга. Бу қонун давлатнинг ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабати, масъулияти янги даражага кўтарилаётганини ҳам билдиради. Ҳукумат, вазирлик-идоралар томонидан қонун талаб этадиган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.

Қонун асосида ногиронлиги бўлган шахсларни энг кўп қийнаб келаётган масала – тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар тартибида имтиёзли даволанади, протез-ортопедия анжомлари билан таъминланади.

Биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар жойлаштирилади. Таълим олишнинг барча босқичларида шароит яратилиб, касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади.

Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, шу жумладан, уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади.

Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.

Маълумки, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар қўлланилиши жорий этилди. Натижада жорий ўқув йилида 3 мингга яқин ногиронлиги бўлган ёшларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси қўлланилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идора ва Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.

2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида умумий маълумотларни (ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва бошқалар) ўз ичига олган ягона электрон реестр жорий қилинган.

Бир неча йиллар давомида ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган жамоат ташкилотларини давлат томонидан моддий қўллаб-қувватлаш масаласи кўтариб келинарди. Бундай ташкилотлар фаолияти ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Лекин уларнинг моддий-техника базаси, ваколатлари, имкониятлари чекланиб қолган эди. Шунинг учун биринчи марта мана шу ташкилотларга давлат томонидан 1 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бу ёрдам орқали Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ва Ногиронлар ассоциацияси ўз фаолиятини тўғри йўлга қўйиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини, манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

2021 йилга мўлжалланган бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентдаги кенг ва қизғин муҳокамалардан кейин қабул қилинди. Бу қонунни муҳокама қилишда ҳам ижтимоий соҳага ажратилган харажатларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат бюджетидан келгуси йилда 1,2 миллион оилани моддий қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Албатта, бундай оилаларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳам бор.

Бундан кейин ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш, юзага келаётган муаммоларни парламент даражасида ҳал қилиш бўйича таклиф ва ташаббуслар давом этади.

Амалга оширилаётган ўзгаришларга қарамай, ногиронлиги бўлган шахсларни ўйлантириб келаётган муаммоли масалалар ҳам оз эмас. Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари аъзолари, партия фаоллари, депутатлар билан бу борада доим фикр алмашиб турибмиз, ечим топиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган тиббий хизматлар жойларда вақтида кўрсатилмаётгани, протез-ортопедия воситалари етишмаслиги, жамоат транспортларида мослаб жиҳозланмагани, бекатлар ва маршрутларда эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситаларнинг йўқлиги билан боғлиқ муаммолар кун тартибида турибди.

Ногиронлиги бўлган кишилар, одатда, бошқалардан фарқли ўлароқ, соғлиги сустроқ, таълим соҳасидаги ютуқлари камроқ, иқтисодий имкониятлари чекланган ва моддий шароити ҳам ёмонроқ бўлади. Бу ўз навбатида уларнинг ҳар кунлик ҳаётида кўплаб тўсиқларни туғдиришини ҳисобга олиб, жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши зарур.

«Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Халқаро конвенцияни босқичма-босқич ратификация қилишга тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳимдир.

Мамлакатимизда «Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар «Меҳр-мурувват ойлиги» ўтказилмоқда. Бу хайрли тадбирларда фаол қатнашиш барчамизнинг инсоний бурчимиз ҳисобланади.

Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?