ННТ ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий муносабат қандай?

17:17 23 Ноябрь 2022 Жамият
283 0

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Адлия вазирлиги масъул ходимлари иштирокида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги янги тартиблар ва ўзгаришлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этди.

Унда сўзга чиққан мутахассислар соҳага оид сўнгги янгиликлар тўғрисида батафсил маълумотлар беришди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларини самарали ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Кўрилаётган чоралар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари сони йилдан йилга ортиб, давлат томонидан уларни моддий қўллаб-қувватлаш кўлами кенгаймоқда.

Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштириш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддатлари икки ойдан бир ойга қисқартирилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан республика ННТларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараварига, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун – 2 бараваридан 1 бараварига пасайтирилди.

Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий эркинлиги кенгайтирилди, эндиликда улар бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача бўлган пул маблағларини олишда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиши кифоя.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хорижий донорлардан пул маблағларини олиш тартиби соддалаштирилди, ННТлар грант маблағларини исталган банклардаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш имкониятига эга бўлишди.

Президентимизнинг Фармони билан тасдиқланган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияни амалга ошириш натижасида ўтган йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ҳажми давлат томонидан 2020 йилга нисбатан 2 бараварга оширилиб, 75,8 млрд. сўмга етказилди. Натижада 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига асосан 2025 йилда эришилиши лозим бўлган кўрсаткич ўтган йилнинг ўзида 20 фоизга ошириб бажарилди.

Шу билан бирга, 150 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари учун Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш курслари ташкил этилди. Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бериладиган давлат ижтимоий буюртмаларининг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган режалари тасдиқланиб, улар доирасида элликдан ортиқ ижтимоий буюртмалар бажарилади.

Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотларига ўтган йилда 11 мингдан зиёд давлат хизматлари электрон шаклда кўрсатилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик стандарти (индекси) ишлаб чиқилиб, Стандарт асосида йилнинг энг шаффоф ННТлар Топ-20 талиги эълон қилинди. Шаффоф хайрия ва ҳомийлик тизимини йўлга қўйиш мақсадида “Шаффоф хайрия” (shaffofxayriya.uz) портали ишга туширилди.

Тадбирда қайд этилганидек, волонтёрлик фаолияти ҳисобини олиб бориш ва йўналтириш имконини таъминловчи unions.uz ягона интерактив портали ишга туширилди. Ҳудудларда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилиб, 500 тага яқин нодавлат нотижорат ташкилотларининг бино билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.

Анжуман давомида иштирокчилар томонидан берилган кўплаб саволларга Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан атрофлича жавоб берилди.

Гавҳар ФАРМОНОВА,

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?