НКМКда янги металл эритиш печи ишга туширилди

18:02 12 Май 2023 Иқтисодиёт
782 0

Навоий машинасозлик заводи мамлакатимиз кончилик саноатининг “Навоий кон металлурги комбинати” АЖ таркибидаги корхоналаридан бири бўлиб, нафақат “НКМК” балки республикамизнинг бир қатор йирик саноат қувватларида ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминловчи корхоналардан бири ҳисобланади. 

Бугунги кунда завод цехларида 14,7 минг турдаги маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу жараёнда корхонанинг Қўймачилик цехи бетакрор аҳамиятга эга. Боиси мазкур цех фаолиятининг барқарорлиги НКМК ишлаб чиқариш қувватларида иш узлуксизлигини таъминлабгина қолмай, янги-янги лойиҳаларга йўл очмоқда. Шу сабаб сўнгги йилларда Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмаларида фойдаланиладиган шарли тегирмонлар ва кон-шахта ускуналари учун Қуймачилик цехида қуйма маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кенг қўламли амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йил февраль ойида мазкур цехда 25 тонналик янги замонавий печь ишга туширилиб, ишлаб чиқариш жараёнларига мослаштириш тадбирлари олиб борилди. Энг муҳими, ушбу печь учун зарур қолиплаш ускунаси бевосита заводда тайёрланди. 3 млн доллар эвазига қурилиб фойдаланишга топширилган янги печь Қуймачилик цехи ишлаб чиқариш қувватини 30 фоизга ошириб, йилига 40 минг тоннага етказиш билан бирга 53 та янги иш ўринлари яратиш имконини берди. 

Ишга туширилган печ замонавий технологияларга асосланган асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги туфайли металл эритиш сифати халқаро андозаларга тенглаштирилди. Катта ҳажмдаги ва оғир тегирмонлар, тоғ-кон техникалари учун эҳтиёт қисмларнинг бир мартада қуйилиши натижасида иш унумдорлиги ошиши таъминланмоқда. Барча технологик жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, инсон омили металл эритишни кузатиб боришдагина иштирок этади. 

“Цехнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ишлари давом эттирилаяпти. Чунончи, рангли қуйма участкасида амалдаги 6 тонналик металл эритиш печи технологик жараёнларни рақамлаштириш эвазига модернизация қилинди. Бугун ушбу модернизация қилинган печь ишга туширилиб, корхона эндиликда пўлат ва чўяндан кичик ҳамда ўрта ўлчамдаги қуймаларни ишлаб чиқариш ҳажми ошириш имкониятига эга бўлди. Ушбу лойиҳанинг татбиқ этилиши қўшимча 18 та иш ўрнини яратиш имконини берди”, дейилади “НКМК” АЖ Матбуот хизмати тақдим этган маълумотда.

Печни ишга туширишга бағишланган тадбирда “НКМК” АЖ раҳбарияти, корхона ишчи-ходимлари ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер