Ниқоб дастрўмолча эмас-ку...

19:20 28 Июль 2021 Жамият
228 0

Коронавирус пандемияси кириб келиши билан жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланди. Бироқ, кўча-кўйда, жамоат жойларида «Мен вакцина олганман», «Ўзимнинг ишхонам бўлса, ниқоб тақишим шартми?», «Уйда қолиб кетибди» каби баҳоналар ила бениқоб юрганларни учратиб қоламиз.

Ниқоб тақиш қайсидир маънода ҳимоя вазифасини бажаради.

Ўтган йилнинг март ойидан буён ниқоб тақинг, ижтимоий масофани сақланг, деб ҳар қадамда бонг урилади. Аммо бунга сўзсиз амал қилиш учун тиббий маданиятимиз оқсаяптимикан, деб ўйлаб қоламан.

Кўча-кўйда, ён-атрофдагиларга бир эътибор беринг. Айримлар ниқобни иягига тушириб олган, биров билагига боғлаб олган ёки бир қулоғида сирғадай бўлиб осилиб турибди.

Бундай ниқобдор бўлишнинг нима фойдаси бор? Тиббий ниқоб тақишдан асосий мақсад касалликдан ҳимояланиш эмасми?

Карантин чоралари юмшатилгач, одамларнинг турли юмуш билан кўчага чиқиши кўпайди, айрим тадбирлар ўтказиляпти. Гувоҳ бўляпмизки, айрим юртдошларимиз то назоратчи бақириб-чақирмагунга қадар маска ёки ижтимоий масофа ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Гўёки бизнинг саломатлигимиз ўша назоратчига керакдек.

—Одамларда аллақачон коронавирусга қарши иммунитет ҳосил бўлган, деб ўйлабман, — дейди Маржона Холбоева. — Шундай хулоса билан ниқоб тақиш масаласига бепарво қараяпман.

Яқинда бир тадбирда бўлдик. Йиғин ҳам қизияпти, қуёш ҳам ёндираман дейди. Атрофни зимдан кузатаман. Кимдир ниқоб таққан, кимдир тақмаган. Терлаган манглайини ниқоб билан артган бир амаки уни қайтиб юзига тақиб олади. Бир опахон эса олти марта буклаб, дастрўмолча сингари тахланган ниқобни қўлига олиб ўтирибди.

Наҳотки, инфекциядан сақлайдиган тиббий ниқобдан дастрўмолча сифатида фойдаланишдан ийманмасак.

Соғлик ўзимизга кераклигини била туриб, шундай эътиборсизликка йўл қўйишимиз, ниқобдан дастрўмолча сифатида фойдаланишимиз қай даражада тўғри?

—Ниқоб тақмаганимнинг сабаби, иссиқда кўчада юрганда, ниқоб намланиб, ҳўл бўлиб қоляпти, — дейди яна бир суҳбатдошим. — Ҳўл маскада эса нафас ололмайман. нафас олиш учун ниқобни жағимга тушириб қўяман. Бу манзара эса жуда хунук кўринади. ниқоб тақиб юриш менга ноқулайлик туғдиради. Касал бўлганим йўқ, соппа-соғман. Яхши овқат ейман. Вақтида ухлаб, вақтида дам оламан. Спорт билан шуғулланаман. Соғлиғим яхшилиги учун ҳам ниқоб тақмайман. Агар хавф туғилиб қолса, тақиб юриш керак бўлади.

Хуллас ҳар ким ўз фикрида собит тургиси келади. Нима бўлганда ҳам одам ўзининг соғлигини аввало ўзи ўйлагани яхши. Нафақат ниқоб тақиш, қўлни совунлаб ювиш, дастрўмолларини тоза тутиш, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш каби ишларни ҳам кундалик одатга айлантиролсак, нафақат коронавирус, балки бошқа хасталиклар ҳам енгиши қийин бўлади, деб ўйлайман.

Нигина Шоева,
журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?