Нима учун ҳомиладорлар TОRCH-инфекциясига таҳлил топшириши шарт? — мутахассис жавоб берди

15:25 09 Июль 2021 Жамият
672 0

Ҳомиладорликни режалаштириш ҳар бир аёл учун масъулиятли жараён бўлиб, ўз ичига ҳомиладорлик босқичига ва орзиқиб кутилган фарзанднинг соғлом, бенуқсон туғилиши учун олдиндан тайёргарлик кўриш чораларини олади. Бу жараёнда аёл даволовчи шифокори (гинеколог) билан бамаслаҳат иш кўриши ва ўз соғлиғига эътиборли бўлиши лозим. Чунки бўлажак фарзанднинг саломатлиги онанинг саломатлигига боғлиқ.

Бундай жараёнда аёл айрим тақиқларга риоя қилиши, жумладан, сауна, бассейн, алкогол, тамаки тутуни кабилардан ўзини сақлаши жуда муҳим. Хўш, агар хавф кўринмас шаклда бўлса-чи? Бундай кўринмас хавфлардан бири TORCH-инфекцияларидир. Улар нимаси билан хатарли? Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун ССВ Матбуот хизмати Вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Маҳмаражаб Раҳмоновга мурожаат қилди.

— Ўтган асрнинг 70-йилларида олимлар томонидан алоҳида инфекциялар гуруҳи ажратилди, — дейди М.Раҳмонов — уларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, катталар ва болалар учун нисбатан зарарсиз бўлиб, ҳомиладор аёллар учун ўта хавфли ҳисобланади. Ушбу гуруҳга киритилган инфекциялар лотинча номларининг биринчи ҳарфларига кўра TORCH-инфекциялари деб аталади.

Ушбу қисқартма қуйидагича:

— TO - токсоплазмоз (Toxoplasmosis);

— R - қизилча (Rubella);

— C - цитомегаловирус инфекцияси (Cytomegalovirus);

— H - герпес инфекцияси (Herpes simplex virus).

Аслида, инсонда бу инфекциялар болаликдан мавжуд бўлиши мумкин ва умри давомида у жиддий зарар келтирмайди. Аммо аёл ҳомиладорлик вақтида иммунитет пасайиши ҳисобига бу касаллик ўзини намоён қилади.

— TORCH гуруҳи инфекциялари ҳомилага қандай хавф туғдиради?

— TORCH-инфекцияларини аёллар ҳомиладорлик пайтида юқтирганда, улар ҳомиланинг барча тизимлари ва органларига, айниқса, унинг марказий асаб тизимига зарарли таъсир кўрсатиши, ҳомила тушиши, ўлик туғилиши ва боланинг туғма нуқсонлари хавфини ошириши мумкин. Кўпинча ҳомиладор аёлнинг TORCH-комплекси инфекциялари билан касалланиши ҳомиладорликни тўхтатиш учун тўғридан-тўғри кўрсатма ҳисобланади.

Ҳомиладорлик вақтида бу гуруҳга кирувчи вируслардан биронтасининг илк марта юқиши хавфли ҳисобланади. Яъни танада иммунитет ҳосил бўлмаган вирус ёки инфекцияга тўқнашиб қолиш оқибати нохушликка олиб келиши мумкин. Ҳомиладор аёлда кўпинча бу ҳолатнинг асоратлари турли муддатларда ҳомила тушишига замин яратади. Туғруқ пайтида ва туғруқдан кейинги даврда герпеснинг қайталаниши ҳам хавфли бўлиши мумкин.

— Аёл қачон бу инфекцияларга таҳлил топшириши керак?

— Ҳозирги вақтда айрим аёллар ҳомиладор бўлгач, бир неча ой ўтгандан сўнг, унда ҳам шифокорнинг қистови билан TORCH-инфекцияни текширтириш учун таҳлил топширади. Баъзи бўлажак оналарга унинг қанчалар аҳамиятли эканини тушунтириш ўта қийин кечади.

TORCH-инфекцияни аниқлатиш ҳомиладор аёл учун катта аҳамиятга эга. Аслида, ҳомиладорлик бошланмасдан 2-3 ой аввал, уни режалаштириш жараёнида таҳлил топшириш ва мусбат натижа чиқса, вирусга қарши дори-дармонларни қабул қилиш зарур. Шунда аёл организми вирусни вақтида енгади ва антитаначалар ҳосил бўлади. Шунингдек, бу ҳомиладорликкача даво ва профилактика чораларини кўришга, аёлнинг саломатлигини келгусида ҳомиладорликдаги натижалар билан солиштиришга имкон беради. Ҳомиладорлик даврида ҳам гинеколог тавсиясига кўра TORCH-инфекцияни текширтириб туриш лозим.

— Бу гуруҳ инфекцияларига таҳлил қай тартибда топширилади?

— TORCH гуруҳидаги инфекцияларнинг салбий ўзига хослиги шундаки, уларнинг организмда мавжудлиги бўйича аломатлар умуман кузатилмаслиги ёки кам намоён бўлиши мумкин. Жумладан, тошма, иситма каби клиник белгилардан ташхис қўйиш қийинчилик туғдиради. Шу боис энг аниқ ташхислаш усули қонда иммуноглобулинларни аниқлашдир.

Бунинг учун қон таҳлили оч қоринга топширилади, шунингдек, текширувгача 3 ҳафта давомида антибактериал ва вирусга қарши препаратлар қабул қилинмаган бўлиши лозим.

Текшириш натижаларини олгандан кейин, албатта, даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?