Невский халқаро экологик конгресси очилди

09:33 28 Май 2021 Сиёсат
466 0

2021 йил 27 май куни «Сайёра экологияси – барқарор ривожланиш» шиори остида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий стратегия ва лойиҳаларга, экологик масъулиятни ҳис этган ҳолда юриш-туриш, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва истеъмол маданияти, соғлом турмуш тарзи масалаларига бағишланган IX Невский халқаро экологик конгрессининг очилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференсалоқа форматида ташкил этилган тадбирда МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси аъзолари, МДҲ мамлакатлари ҳокимият органлари, илмий экспертлар ва ишбилармон доиралар ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлис, миллий лойиҳаларни ривожлантириш, табиий ресурслар ва биохилма-хилликни сақлаш, иқлим сиёсати, «яшил» энергетика , экологик таълим, сув объектларини барқарор ривожлантириш бўйича давра суҳбатлари икки кун давомида (27-28 май кунлари) ўтказиладиган IX Невский халқаро экологик конгресси дастуридан ўрин олди. Экологик хавфсизлик мавзуси ҳам муҳокама этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг раиси Б.Алихонов сўзга чиқди.

Орол денгизининг қуриши, иқлим ўзгариши, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилган чора-тадбирлар, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда сув истеъмол қилиш, янги «ноу-хау» агробиотехнологиясини жорий этиш каби масалаларга урғу берилди.

Иштирокчилар сув ресурсларини зарарсиз, ўзаро манфаатли бошқариш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

IX Невский халқаро экологик конгресси 2021 йил 28 май куни ўз ишини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?