“Нега жимлик босган воҳада, беғам ухлар ботирлар узоқ?”
12 сентябр — миллатсевар шоир Шавкат Раҳмон туғилган кун
ХХ аср ўзбек шеъриятининг ўзига хос вакили, улкан миллатпарвар ижодкор Шавкат Раҳмон ҳозир ҳаёт бўлганида 73 ёшга кирган бўларди.
Шоир бу оламни тарк этганига 30 йилга яқинлашганига қарамай, вақт тўзони шоир номини юраклардан ўчира олмади, унинг ўзига хос тарзда битилган шеърлари, туркий миллат қайғусида ёзилган оташин мисралари, тиғдор фикру ўлмас ғоялари қалблардан қалбларга кўчиб яшамоқда.
ТОНГ ОЧАР КЎЗЛАРИН…
Тонг очар кўзларин эриниб,
севинчдан йиғлайди қиёқлар,
чечаклар жилмаяр севиниб,
шамолда чўмилар гиёҳлар.
Ўйноқи шуълалар — болалар
жимгина тарқалар сайхонга,
ўргимчак тўқийди толалар,
хонқизи боради меҳмонга.
Қурбақа варақлар баёзин,
гулдан бол сўради арилар,
чигиртка қайрайди овозин,
парвозда ниначи — парилар.
Чумоли, меҳнаткаш чумоли,
куйинма, атрофга бир қара —
майсалар, оҳ, қандай ҳимоли,
дунёни қилма кўп масхара.
ОЙ СИНИҒИ
Ой синиғи тўла сувлоққа
шаршарадай қуйилар ёллар.
Бу ёлларни силар меҳрибон
шабадалар — маъюс аёллар.
Кўк ёлларин сувга ботириб
не замонки сув ичар отлар.
Атрофдаги кўм-кўк адирлар
ўтовларда ботирлар ётар…
Бироқ тунда ўт-майсаларга
тўкиладир кимнинг ёшлари?
Нега сувдан бечора отлар
кўтаролмас оғир бошларин?
Нима бўлган уларга ахир
ё сеҳрлаб қўйганми сувлоқ?
Нега жимлик босган воҳада
беғам ухлар ботирлар узоқ?
ҲАМАЛ
Эриб битди поёнсиз қорлар,
яна кўҳна замин туллади.
Водийдаги улкан ўриклар
бир кечада оппоқ гуллади.
Оқ булутлар ерга қўндими,
мўжизалар бўлдими содир?
Оҳ, нақадар ажойиб тунда
оқ машъала экилган водий.
Энди сафсар кечаларда оқ
машъалалар тутиб улуғвор
кенгликларда кезар чиройли
кундузларни ахтариб баҳор.
* * *
Жангда ўлган эмас бирор баҳодир,
бари ҳалок бўлган хиёнатлардан,
тошдай ухлаганда тўшларин очиб
ё заҳар қўшилган зиёфатлардан.
Бирор асотирда баҳодирларни
ҳаттоки юз бошли аждар емаган,
минг бир синоатли ялмоғизлар ҳам
тоғларни ўйнаган, девлар енгмаган.
Бари ҳалок бўлган хиёнатлардан,
барига орқадан санчилган ханжар.
Шундай бўлиб келган азал-у азал
Мана шу жафокаш, кўҳна Ватанда.
Ҳар гал баҳодирлар йиқилар экан
куракка санчилган номард тиғидан,
қайта тирилгандай бўларди ногоҳ
ҳар бир болакайнинг қорачиғида.
Ишонгил, ҳеч қачон сени алдамас
софдил элатларнинг асотирлари,
бирорта баҳодир ўлганмас жангда,
қўрқоқлар ўлдирган баҳодирларни.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг