Нега пандемия шароитида ҳам чегаралар тўлиқ ёпилмади? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди

13:09 13 Ноябрь 2020 Жамият
426 0

Фото: Gazeta.uz

Бугун АОКА пресс-холида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдулҳамид Абдураҳмонов иштирокида ўтказилган брифингда муҳим саволларга жавоб қайтарилди:

Савол: Нега пандемия шароитида ҳам чегаралар тўлиқ ёпилмади?

Жавоб: Ҳаммага маълум, жуда кўп юртдошларимиз хорижий давлатларга даромад топиш мақсадида чиқиб кетишган. Лекин пандемия даврида баъзи корхона ва иш берувчилар ўз фаолиятини тўхтатганлиги сабабли ушбу фуқаролар хорижий давлатлар ҳудудида оғир шароитда қолиб кетди ва юртимизга ўз вақтида қайта олмади. Шу сабабли уларни автомобиль ўтказиш пунктлари орқали ҳамда темир йўл ва ҳаво кемаларида ташкил этилган чартер рейслари ёрдамида олиб келинди.

Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига пандемиянинг таъсирини камайтириш мақсадида ташқи савдо юкларини ташишга жалб этилган ҳамда хорижий давлатлар ҳудудидаги хўжалик объектларимизга хизмат кўрсатувчи фуқароларнинг Давлат чегараси орқали ҳаракатланиши тўхтатилмади.

Савол: Карантиндан олдин Ўзбекистонга Россиядан ўз енгил автомашинамда оилам билан келганман, энди қандай қилиб Россияга ушбу автомашинада кетсам бўлади?

Жавоб:  «Ғишт-кўприк» автойўл ўтказиш пункти орқали коронавирус инфекциясига чалинмаганлигингизни тасдиқловчи маълумотнома тақдим этган ҳолда чиқиб кетишингиз мумкин.

Бунда Қозоғистон Республикаси Махсус комиссиясининг рухсатномаси бўлиши мақсадга мувофиқ, чунки Қозоғистон томони учинчи давлат фуқароларига ёки транспорт воситаларига мамлакатга киришга ёки автомобилда транзит ўтишга рухсат бермаган.

Савол: Пандемия даврида мамлакатимизга кириб келган хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудида бўлиш қоидалари, яъни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ва виза муддатларини узайтириш тартиби тўғрисида тушунтириб берсангиз?

Жавоб: Алоҳида ҳолларда, эпидемия (пандемия) муносабати билан карантин жорий этилган ҳудудда вақтинча бўлиш муддати тугаган хорижий фуқароларга, шунингдек, уларни қабул қилган уй-жой эгалари ва мансабдор шахсларга нисбатан карантин муддати тугагунга қадар ҳудудда бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий чоралар қўлланилмайди.

Карантин муддати тугаганидан сўнг, Ўзбекистон Республикасига маълум муддатга визасиз, электрон ва туристик виза билан келган хорижий фуқаролар 30 сутка ичида «чиқиш» (EXIT) визасини расмийлаштирмасдан Республика ҳудудидан чиқиб кетишлари лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан визасиз режим жорий этилган хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда виза асосида яшаётган хорижий фуқаролар карантин муддати тугагач, белгиланган тартибда уч иш куни ичида ҳудудий ички ишлар органларига тегишли ҳудудда вақтинчалик бўлиш муддатини узайтириш масаласида уларни таклиф қилган (яъни, қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар орқали мурожаат қилишлари мумкин. Бўлиш муддати карантин муддати тугаган кундан бошлаб узайтирилади.

Савол: Тожикистон олий ўқув юртида таҳсил оламан. Қандай қилиб ўқиш жойимга етиб олсам бўлади?

Жавоб: Республика махсус комиссиясининг юқорида қайд этилган баёнига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ва кириш бўйича барча чекловлар олиб ташланган. Лекин Давлат чегарасидан ўтиш учун қўшни давлат томонидан ўрнатилган қоидаларга ҳам риоя этиш талаб этилади. 

Ҳозирги кунда Тожикистон томонининг тегишли рухсати бўлганда, талабаларнинг ўзбек-тожик чегараси орқали ўтишига ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас.

Савол: Халқаро юк ташувчиман, Ўзбекистонга киришимда мендан комбинезон кийишимни талаб қилишяпти, нега?

Жавоб: Республика махсус комиссиясининг (20-Баённинг 12-бандида) қарорига асосан кириб келаётган халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар комбинезон, тиббий қўлқоп ва ниқобларда бўлиши лозимлиги белгиланган. Сабаби коронавирус тарқалиши ёки юқишини олдини олиш.

Савол: Қозоғистондаги яқин қариндошимнинг дафн маросимига боришим керак, рухсат бериладими?

Жавоб: Агар вафот этган шахс Қозоғистон фуқароси бўлса, «Ғишт-кўприк» ўтказиш пункти орқали коронавирус инфекциясига чалинмаганлигингизни тасдиқловчи маълумотнома тақдим этган ҳолда чиқишингиз мумкин.

Савол: Оиламиз билан Ўзбекистонда доимий рўйхатда турган ҳолда яшаймиз, барчамиз фуқаролиги бўлмаган шахслармиз.

Отам карантиндан олдин қўшни давлатга чиқиб кетганди, улар ҳам Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасига эга, бироқ Ўзбекистонга келолмаяпти, қандай келса бўлади?

Жавоб: Юқорида қайд этиб ўтилган фуқароларнинг пиёда ҳаракатланишига рухсат берилган ўтказиш пунктлари орқали юртимизга кириб келишлари мумкин. 

Бунда улар чегара назорати бўлинмаларига амал қилиш муҳлати ўтиб кетмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини тақдим этишлари лозим. 

Шунингдек, ушбу тартиб Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқароларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?