Нега кўрган тушимизни эслашимиз бу қадар қийин?

16:00 21 Июнь 2019 Жамият
1091 0

Иллюстратив фото

Дунёда туш кўрмайдиган одам деярли топилмайди, аммо барчамиз кўрган тушларимизни батафсил эслаб қола олмаймиз. Бунинг сабаби нимада? Тушни хотирада сақлаб қолишга энг қулай вақт - бу...

BBCда берилган Стивен Даулингнинг мақоласи ушбу саволга жавоб бўлади.

“Мен 40 йил муқаддам мактабда бўлган бир воқеа тафсилотларини оқизмай-томизмай айтиб беришим мумкин, аммо мендан бу ҳафта қандай туш кўрдинг, деб сўранг - мен ўйланиб қоламан.

Биз эрталаб кўрган тушларимиздан парчаларни эслай олишимиз мумкин. Ҳатто, тушини завқ билан ҳикоя қилиб берган одам кечга томон уни деярли эсдан чиқаради.

Нега туш кўрамиз, тушларни нега хотирлай оламиз ёки олмаймиз - бунинг илдизлари чуқур онгостимизда жойлашган.

Туш кўриш жараёни олдин тасаввур қилинганидан анчайин мураккабдир. Кундузги фаолиятдан дам олувчи айрим онгости қисмларимиз тунда фаол ишлай бошлайди.

Туш кўришни, одатда, тезкор уйқу босқичи билан боғлайдилар. Ушбу босқичда мия ўз фаолиятини ҳали тўлиқ якунламаган бўлади.

Бу вақтда нафас олиш ва юрак уриши тезлиги ўзгариши мумкин, тана эса атония номи билан маълум фалажга ўхшаш ҳолатга тушади.

Тезкор уйқу босқичи 90 дақиқа давом этиши мумкин ва айнан шу пайтда биз туш кўрамиз.

Тезкор уйқу босқичида миянинг асосий қисмлари қўшимча қон ола бошлайди.

Ҳали бу босқичда ухлаётган вақтимиз ҳиссиётлар учун жавобгар қисмларда электр фаоллик ортади, ҳаётий муҳим қобилиятларимизга масъул пешона қисмлари эса, қайтанга, тинчланади.

Шу сабабдан ҳам мазкур муддат давомида миямизда кечадиган энг бемаъни фикрларни ҳам, шубҳасиз, таҳлил қила бошлаймиз.

Психология фани профессори Дидра Барреттнинг сўзларига кўра, туш тартиби қанчалик чалкаш бўлса, уни ёдда сақлаб қолиш шунчайин қийин кечади.

Уйғонгандан кейин тушнинг қанча қисми ёдда қолишида инсон хавф-хатарни кўрганда ишлай бошловчи норадреналин гормони катта роль ўйнайди.

Уйқу вақти норадреналин даражаси одатдагидан пастроқ бўлади.

Лозанна Университетидан тушларни ўрганувчи шифокор Франческа Циклари уйқу ва сергаклик ўртасида катта фарқ борлиги бежиз эмаслигини айтади.

Унинг тушунтиришича, агар биз ҳар бир кўрган тушларимиз тафсилотларини ёдда сақлай олганимизда, тушларни ҳақиқий ҳаёт билан чалкаштириб юборган бўлар эдик.

“Тушини яхши эслаб, сўнг уни кундузги ҳаёт билан аралаштириб юборадиган одамлар ҳам бор”, - дейди у.

Туш уйқу циклининг аниқ бир даврларида кўрилиши тасодиф эмас. Тушнинг юзага келишига тунда танамиз бўйлаб фаоллаша бошлайдиган кимёвий моддалар таъсир кўрсатади.

“Одатда, биз аниқроқ тушларни миядаги норадреналин даражаси пасаядиган тезкор уйқу босқичида кўрамиз”, - изоҳлайди Франческа Циклари.

Айрим ҳолларда уйғонишдан бироз аввалроқ ҳам туш кўришимиз мумкин. Бироқ уйқудан турибоқ бошлайдиган ишларимиз ва ўйлайдиган фикрларимиз уларни эслаб қолишга халақит беради.

Кўп одамлар уйғоткич овози таъсирида уйқудан туради. Бу овоз норадреналин даражасини кескин кўтариб юборади ва кўрилган тушларни хотирлаш қийин кечади.

Гарвард Тиббиёт Мактабидан Роберт Стикголд тез уйқуга кетадиган, қаттиқ ухлайдиган ва уйғоткич овози билан уйғонадиган одамлар кўрган тушини яхши эслай олмаслиги тўғрисида сўзлайди.

Жаноб Стикголд чуқур уйқу босқичига киришдан аввал кўрилган тушлардан парчаларни кўпчилик эслай олишини айтади.

У бундан бир неча йил аввал бу масала юзасидан тадқиқот ўтказган. Кўнгилли талабалар чуқур уйқу босқичига кириши билан уйғотилган ва улар кўрган тушини бемалол эслаб қолган.

Агар кўрган тушингизни ёдда сақлаб қолишни истасангиз, нима қилмоқ керак? Олимлар одамларнинг бари турлича ухлаши ва уларда уйқу босқичлари хар ҳил кечишини таъкидлайди, лекин ҳамма учун умумий бўлган айрим маслаҳатлар ҳам мавжуд.

Осонгина уйғониб, ўз ишларига шарт киришиб кетувчи одамлар кўрган тушини эслаб қола олмайди, дейди жаноб Стикголд.

Унинг фикрича, тушни хотирада сақлаб қолишга энг қулай вақт - бу ҳеч нарса ҳақида қайғурмай, бамайлихотир уйқуга кетиладиган дам олиш кунларидир.

Роберт Стикголд уйғонгандан сўнг бироз вақт кўзни ҳам очмай, хотиржам ётиш ва тунда кўрганларини эслаб кўришга ҳаракат қилишни тавсия этади.

Шунингдек, яна бир қанча самарали усуллар мавжуд, дейди у.

“Ётишдан олдин учта катта стаканда сув (алкоголь эмас, чунки у тезкор уйқу босқичини ўтказиб юборади) ичинг. Шунда тун бўйи уч ёки тўрт марта уйғониб кетасиз ва ҳар сафар тезкор уйқу босқичининг тугашида турасиз”.

“Яна бир маслаҳат: ётишдан аввал, шунчаки, туш кўриш ва эрталаб уни эслаб қолишни хоҳлашингизни ўзингизга такрорланг. Бу иш беради”, - дея кулади у.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?