Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари бугунги улуғвор ўзгаришларда ўз ифодасини топмоқда

13:46 25 Март 2023 Сиёсат
717 0

“Янги Ўзбекистон ғояси — бу 36 миллионли катта халқимизнинг азму қарори, унинг ҳаёт мазмунидир. Бу олийжаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир...”

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқидан олинган ушбу жумла она табиатда ва мамлакатимизда, халқимизнинг онгу тафаккурида, қалбида кечаётган янгиланишларни яққол ифодалайди.

Байрам кайфияти ва бунёдкорлик шукуҳи

Ҳақиқатан ҳам, мулки борлиқда рўй бераётган уйғониш юртимиздаги ўзгаришларга уйғун кечмоқда. Кейинги йилларда барча соҳалар ривожлантирилди, ҳудудлар қиёфаси янгиланди.

Бундай ишларни давом ­эттириш мақсадида жорий йилда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури қабул қилинди. Ютуқлар тасдиғини ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва овуллар, шаҳарларимиз мисолида яққол кўриш мумкин. Юртимизда юзлаб замонавий корхоналар, йўл ва коммуникация тармоқлари, уй-жойлар, янги боғча ва мактаблар, олийгоҳлар ҳамда маданият масканлари, тиббиёт ва спорт иншоотлари барпо этилмоқда.

Барча ҳудудда “Янги Ўзбекистон” боғлари, “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд қилинмоқда. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари қаторида бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий ло­йиҳаси амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу кунларда одамлар ҳашарлар қилиб, кўчат ва гуллар экиб, янги боғлар, сайилгоҳлар яратаётганини айтмаса ҳам бўлади. Айни пайтда бутун мамлакатимизда байрам кайфияти ва бунёдкорлик руҳи ҳукмрон.

Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади. Наврўз ҳаммамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ беради. Шу файзли лаҳзаларда тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини янада чуқур англаяпмиз десак, янглишмаймиз. Зеро, буларнинг бари тинчлик шарофатидан. Хотиржамликсиз ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишлар юксак суръатларда амалга ошмайди. Иқтисодий соҳани оласизми, ташқи сиёсатни ёхуд таълиму маданият тармоқлариними — барча-барча жадал ўзгаришлар энг бефарқ одамнинг ҳам камида ҳайратига сабаб бўлиши айни ҳақиқатдир.

Машаққатли ва жасоратли меҳнат меваси

Ўтаётган ҳар бир йил, ой, кун ва дақиқамиз бутун дунё, жумладан, Ўзбекис­тон учун ҳам ғоят мураккаб ва синовли бўлаётир. Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида қайд этганидек, “Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: ­тараққиётга — фақат машаққатли ва ­жасоратли меҳнат орқали эришилади”.

Президентимизнинг айнан шундай қатъий ва оқилона сиёсати туфайли, пандемия ва глобал инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан янги Ўзбекис­тонда инсон қадрини ҳар томонлама ­таъминлаш бўйича ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари каби рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича муайян ютуқлар қўлга киритиляпти. Умуман олганда, 2022 йилда жами 24 та рейтингнинг 15 тасида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди.

Афсуски, зиддиятларга тўла дунёда бу борадаги аҳвол у қадар “гўзал” эмас. Гап шундаки, пандемия оқибатларини тўла бартараф этишга улгурмасдан жаҳон минтақаларида рўй бераётган можаролар янги глобал инқирознинг бошланишига олиб келди. Сайёрамизнинг турли ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотлари, энергия ва ўғитларга нарх-навонинг кескин ошиб кетишидан, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар катта зарар кўрмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, можаролар алангаси “тенгсизлик, ночорлик ва молиялаштиришдаги етишмовчиликлар билан янада авж оляпти”. Бундан ҳам ачинарлиси, инқироз оқибатида ўтган йили 1,2 млрд. аҳоли яшайдиган 74 та ривожланаётган мамлакатдаги инсонларнинг турмуш шароити кескин ёмонлашди.

Шундай мураккаб ва синовли даврда Ўзбекистон учун муҳим бўлган қатор тадбирлар амалга оширилгани ва ўз самараларини бергани диққатга лойиқдир. Биринчидан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги механизмлар татбиқ этилди. Иккинчидан, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларимизни қийнаб келган муаммоларни ҳал этиш, қийноқларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш каби йўналишларда ижобий натижаларга эришилди. Хуллас, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда дея баралла айтоламиз.

Дейлик, ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ўз меваларини узоқ куттиргани йўқ. Янгиланиш ва ёшариш байрами — Наврўз арафасида ёшларимиз қўлга киритган зафарлар барчамизни мамнун этди. Ёш спортчиларимиз эришган натижалар айёмга муносиб совға бўлди. Жумладан, футбол бўйича ­Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қизғин беллашувларда мустаҳкам ирода ҳамда маҳорат намунасини кўрсатиб, Осиё чемпиони деган юксак шарафли номга эришди. Бу билан улар Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишди. Ўзбекистон ва Ироқ ёшлар терма жамоа­ларининг тарихий ўйинини ­Президент Шавкат Мирзиёев шахсан стадионга ташриф буюриб кузатди. ­Давлатимиз ­раҳбари терма жамоамизни тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этди ва бош соврин — Осиё кубогини ёш қаҳрамонларимизга шахсан ўзи ­топширди. Ёш футболчиларимиз билан бирга хоккейчилар ва шахматчиларимиз қўлга киритган ютуқларни ҳам алоҳида эътироф этиш керак. Хоккейчиларимиз Осиё чемпионлигини қўлга киритиб, янги Ўзбекистонга, миллионлаб тенг­дошларига ўрнак ва намуна бўладиган жасорат кўрсатишди.

Шу маънода, бу йилги Наврўз юртимизга қувончли воқеалар, қўшалоқ байрамлар билан кириб келди десак, муболаға эмас. Айни кунларда яна бир ­фазилатли ой — муқаддас Рамазони шариф ташриф буюрди. Қолаверса, 22 март куни Маҳалла тизими ходимлари куни ҳам кенг нишонланди. Президентимиз ватандошларимизни, маҳалла тизими фаолларини қўшалоқ байрамлар билан қутлади, Фармонга биноан­ бир гуруҳ фаоллар Ватанимизнинг ­юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Мувозанатли ва ўзаро манфаатли алоқалар

Халқимизнинг жипслиги, бирдамлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлиги туфайли янги Ўзбекистонимиз йилдан-йилга ривожланиб, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилаётир. Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлиги ҳамда инвестициялар ва бизнес учун жозибадорлиги, барча муаммоли масалаларни якдиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида ҳал этишга интилиш, дунёнинг етакчи давлатлари ва бошқа мамлакатлари билан мувозанатли ва ўзаро манфаатли алоқалар юритиш, сиёсий ишонч ва ­халқаро ҳуқуққа риоя этилиши асосидаги ўзаро ҳамкорликка интилиш — хорижий шериклар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ­ташқи сиёсий курсни айнан ана шундай ­тавсифламоқда.

Наврўз айёми муносабати билан ­Президентимиз номига келаётган ­қутловларда ҳам ана шундай ислоҳотларимизга, давлатимиз раҳбарига бўлган юксак ишонч кўриниб турибди.

Мен Хитой — Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратаман. Сизнинг жорий йил май ойига режалаштирилган илк “Хитой — Марказий Осиё” саммитида иштирок этишингизни ва Хитойга давлат ташрифингизни кутиб қоламан, — дейилади ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Президент ­Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида. — Сиз билан биргаликда Хитой — Марказий Осиё муносабатлари истиқболлари ҳамда мамлакатларимизнинг икки томонлама ҳамкорлигига оид катта режаларини муҳокама этишимиз Ўзбекистон — ­Хитой ҳамкорлигини янада юқори даражага кўтаришига ишончим комил”.

АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг табриги ҳам дунёнинг Ўзбекистонга талпинаётгани, юртимиздаги ўзгаришларга ишончи ва ихлоси баланд эканлигини кўрсатиб турибди:

“Ўтган йил давомида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари умумий муаммоларни ҳал қилиш, халқларимиз ­хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида бирлашди.

Ушбу уйғониш ва янгиланиш мавсумида Қўшма Штатлар Ўзбекистон хал­қига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шу кунларда янги марраларни белгилаб, мустаҳкам тинчлик ва ўзаро англашув руҳидаги умумий келажак сари саъй-ҳаракатларимизни давом эттирар эканмиз, мен мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланишига ишонаман”.

— Мен Ўзбекистондаги ислоҳотларни узоқ йиллардан бери кузатиб келаман. Ўша пайтдаги Ўзбекистон билан ҳозирги Ўзбекистоннинг осмон билан ерча фарқи бор, — дейди Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Радослав Грук. — Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар шиддати мени ҳайратга солди. Аввало, Ўзбекистоннинг ютуғини эътироф этиш зарурки, беш-олти йил ичида мамлакат мажбурий меҳнатдан бутунлай воз кечди. Диний эркинлик ҳамда бошқа ҳуқуқ ва эркинликлар масалалари бўйича ҳам жиддий иш олиб борилмоқда. Биз ривожланишни кўряпмиз, бироқ олдинда яна улкан ислоҳотлар амалга оширилишига ишончим комил.

Очиқ ва конструктив ташқи сиёсат

Корея Республикаси элчиси Ким Хи Санг фикрича, Ўзбекистонда бошланган туб ислоҳотлар мамлакатнинг янги, замонавий ривожланиш ва модернизация йўлига ўтишида, давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсати самарадорлигини оширишда беқиёс аҳамиятга эга бўлди.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати туфайли мамлакатнинг халқаро муносабатларда тутган ўрни ва аҳамияти сезиларли даражада мустаҳкамланди, — дейди элчи Ким Хи Санг. — Асосий натижалардан бири, бу — Ўзбекистон имижининг тубдан ўзгаргани. Айниқса, янгиланаётган Ўзбекистон Конституцияси, биринчи навбатда, ўзбек халқининг қадрини, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди, бошқа томондан, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксакликка кўтаради. Зеро, Асосий Қонунда ­оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборот ­излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тар­қатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Конституцияга фуқаролик жамияти институтлари фаолияти, жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш кафолатларига бағишланган алоҳида боб киритилгани ҳам эътиборга молик.

“Каспий сиёсати маркази”нинг директори Эфган Нифти фикрича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа ва дунё давлатларининг умумий муаммоларни ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган ҳаётий ва долзарб ташаббуслари Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлардаги фаоллиги кескин ўсишига ҳамда тутган ўрни мустаҳкамланишига олиб келди. Ўзбекистон ташаббуси ва таклифи билан БМТнинг Орол­бўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди, БМТ Бош Ас­самблеясининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида, Маърифат ва диний бағрикенглик, Барқарор туризм ва барқарор ривожланиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича қатор муҳим резолюциялари қабул қилинди.

2020 йилда мамлакатимиз биринчи марта МДҲга раислик қилди ва Ҳамдўст­лик саммитини муваффақиятли ўтказиб, унинг доирасида ўнлаб ташаббусларни илгари сурди. 2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари юқори даражада ўтди.

Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти тамойилларини чуқурлаштириш, хусусий секторни фаол қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоя ва технологияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ўзининг дастлабки меваларини берди. Сўнгги беш йилда иқтисо­диётдаги хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, 40 миллиард долларга яқинлашди. Келгуси ўн йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробарга ошириш мақсад қилинган. Бундай улуғвор марраларга эришиш учун сармоялар ҳажмини келгуси беш йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг олдинга силжиши, Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми олишини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бир қаторда, мамлакатимиз Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар жараёнини якунламоқда ва “GSP+” тизимида бенефи­циар давлат мақомини олди. Умуман айт­ганда, юқорида кўрсатилган омилларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ҳамкорликка очиқ мамлакат сифатида янги қиёфаси шаклланишига хизмат қилди. “Янги Ўзбекистон” тушунчаси халқаро майдонда мустаҳкам жой олди.

«Марказий Осиё руҳи» шаклланмоқда

Шавкат Мирзиёев президентлигининг дастлабки кунлариданоқ Марказий ­Осиёдаги сиёсий вазиятни тубдан ­яхшилашга устувор эътибор бера бошлади. Қўшни давлатлар билан олий даражадаги ишончли муносабатлар ва очиқ мулоқот ўрнатилиб, икки томонлама ва умумминтақавий масалаларни яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва оқилона муросалар асосида ҳал қилиш учун зарур келишувларга эришилди. Ўзбекис­тоннинг барча Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди. Мазкур ибора минтақамизда яратилган ҳамкорлик ва ўзаро англашувга ижобий сиёсий муҳитни ўзида яққол акс эттиради.

— Ўзбекистон раҳбарининг бевосита ташаббуси билан минтақамиз давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш механизми йўлга қўйилди, — дейди Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муса Жаманбаев. — Бундай саммитларнинг тўрттаси Остона, Тошкент, Аваза ва Чўлпонотада бўлиб ўтди. Марказий Осиё иқтисодий форумлари ўтказиб келинмоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси, маданий-гуманитар ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Минтақавий ҳамкорликнинг қолган асосий масалалари ҳақида фикр юритганда чегара масалаларини ҳал қилишда давом этиш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда ва оқилона фойдаланиш, транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, қатор экологик масалалар бўйича ишларни давом эттиришни кўрсатиш мумкин.

Айниқса, Ўзбекистон билан эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуғимиз бўлди. Иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, таълим ва маданий-гуманитар жабҳалардаги алоқалар ҳам фаоллашиб бораётир. Йил бошидан буён мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи 30 фоизга ошиб, 1 миллиард долларга етган. Минтақавий инфратузилма лойиҳалари, жумладан, Қамбарота гидроэлектр станцияси ҳамда Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли қурилиши бошлангани ҳам дўст халқларимизнинг умумий манфаатларига хизмат қилади.

Тараққиётнинг яна бир муждаси

Эксперт, Мадрид университети профессори Хесус Гил Ўзбекистонни бағрикенг ва толерант одамлар юрти деб ҳисоблайди.

— Наврўз байрами бағрикенглик ва инклюзивлик тимсоли ҳисобланади. Наврўз шодиёнасида турли миллат ва элатлар вакилларининг бир саҳнада иштирок этганликлари, турли тилларда қўшиқлар куйлагани ҳам ўзбек халқига хос бағрикенгликнинг яққол тасдиғидир, — дейди у. — Байрам арафасида Янги Тошкент қурилишида илк тамал тошининг қўйилиши ҳам мамлакатнинг янгиланиши, юксалиши ва ривожланишидан яна бир муждадир. Чунки бугунги чуқур иқтисодий танглик шароитида ҳамма ҳам улкан қурилишларга қўл уролмайди. Бу янги Ўзбекистоннинг қудратидан далолат беради.

“Asdaa Oman” газетаси бош муҳаррири Али ал-Ҳасаний “Ўзбекистон ­Президенти Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйди” номли мақоласида 19 март куни давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган Янги Тошкент шаҳрига тамал тоши қўйиш маросими тафсилотларини кенг шарҳлаган.

“Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади. Президент ­Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент пой­деворига капсула қўйиб, унинг қурилишини бошлаб берди. Улуғ айём арафасида эзгу ниятлар билан улкан қурилиш бошланди. Бу янги Ўзбекистон тарихида янги саҳифа бўлади”, деб ёзади “Asdaa Oman” газетаси бош муҳаррири.

Дунё тажрибасидан келиб чиқиб ­айтиш мумкинки, янги шаҳар қуриш осон бўлмаган. Ваҳоланки, курраи заминда хатарли вазият ҳукм сураётган, гео­сиёсий зиддиятлар авж олаётган, заминимизга экологик таҳдидлар хавф солаётган ­шароитда “қуруқ ердан” янги шаҳарни барпо этишга киришишнинг ўзи катта қаҳрамонлик. Бундай қарорга келиш учун кучли сиёсий ирода зарур.

Демак, Ўзбекистон — барқарор иқтисодий юксалиш йўлида. Бунинг учун маблағ ҳам, кучли истак ҳам топилади. Яъни Ўзбекистон ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда бемисл ўзгаришларга қадам қўйган ва бу йўлдан дадиллик билан илгариламоқда. Мақсад Президентимиз таъбири билан айтганда, одамларни, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат.

Бахт-саодатга эришув йўли

Дарҳақиқат, шундай. Зотан, буюк файласуф Форобий ҳам “Бахт-саодатга ­эришув йўллари ҳақида рисола”да ­“Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир, — деб ёзади, — бу эса илм ва катта меҳнат, изланиш ёрдамида қўлга киритилади”.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқнинг қалбига, дардига, умуман, ҳаётига ҳамоҳанг бў­лаётганини кўриб-билиб турибмиз. Эндиликда давлат сиёсатининг устуворлиги у ё бу минтақа ва айрим соҳага эмас, балки халқнинг эркин ҳаётини таъминлашга, одамлар эҳтиёжини қондиришга қаратилаётгани мамлакатимизда демократик, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг мазмунан бутунлай янги босқичига қадам қўйилганини кўрсатмоқда. Одамлар ичларида йиллар давомида йиғилиб қолган дардларини айтмоқда. Беш-ўн йил бурун бугунги кундагидек кўнгилдагини айтиш мумкин бўлишини кўпчилигимиз тасаввур ҳам эта олмас эдик.

Таъкидлаш ўринлики, кейинги етти йилда юртимизда анчагина ишлар амалга оширилди. Кўплаб кераксиз тўсиқларнинг бекор қилиниши туфайли республикада мутлақо бошқача муҳит шаклланмоқда. Албатта, мамлакатимизда ўзига яраша муаммолар ҳам йўқ эмас. Лекин узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган ҳамма нарсани бир пасда бартараф этишнинг имкони борми? Имкони бўлганида бирорта камчилик, муаммонинг ўзи қолмаган бўлар эди.

Шундай экан, шуни ҳам тан олишимиз жоизки, дунёдаги энг ривожланган давлатларда ҳам ҳамма нарса рисоладагидек бўлмаганидек, ҳамма ҳам тўкисликда яшаётгани йўқ. Таъбир жоиз бўлса, сўнгги етти йил давомида мамлакатимизда олиб борилган ишлар бир неча ўн йилликларда ҳам амалга ошмаган эди. Бу хоҳ сиёсатда бўлсин, хоҳ иқтисодиётда.

Қисқаси, “Инсон қадри учун” тамойили асосида қутлуғ заминимизда бугун ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароити яратилмоқда. Янгиланаётган Конституциянинг халқимиз хоҳиш-иродаси — референдум йўли билан тасдиқланиши эса, аввало, инсон манфаатини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлайди.

Ҳа, бугун мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўзгаришлар даври бошланмоқда. Бу — янги тараққиёт ва миллий юксалиш давридир. Учинчи Ренессансга қўйилган пойдевор, албатта, кўп миллатли халқимизни дунёдаги ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва обод жамият қуриш, туганмас бахт-саодатга етишишдек улуғвор мақсадларга етаклайди.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер