Навоийлик кончилар конституциявий ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди

Фото: Халқ сўзи
Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройида «Навоий кон металлургия комбинати» АЖ, «Навоий уран» ДК ва «НКМК жамғармаси» ДМ фаоллари иштирокида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси Қувондиқ Санақулов, Қонунчилик палатаси депутатлари Ўктам Исламов ва Козим Тожиев сўзга чиқиб, мазкур Конституциявий қонун қабул қилинишини тақозо этган омиллар хусусида атрофлича тўхталди. Таъкидландики, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби устувор мақсадлар мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар заруратини юзага келтирди.
— Ўтган даврда жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлди, — деди Қ. Санақулов ўз маърузасида. — Бу эса Бош қомусимизда «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.
— Таъкидлаш жоиз, мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси халқимиз томонидан билдирилган, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Комиссия аъзолари билан учрашувда «Инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак», деган тамойил асосида берилган таклифлардан келиб чиқиб тайёрланди, — деди депутат Ў. Исламов. — Улар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ҳамда амалдаги Конституциямизнинг деярли барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Йиғилишда умумхалқ муҳокамаси натижалари умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилиши, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиши юзасидан атрофлича тушунча берилди.
Муҳокамалар жараёнида навоийлик кончилик конституциявий ислоҳотларга муносабат билдириб, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича таклифлари билан ўртоқлашди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Гидроэнергетикадаги лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди
- Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
- Грузияда дзюдо бўйича навбатдаги мусобақа бўлиб ўтади
- АҚШ Украина учун тинчлик режасининг асосий элементини маълум қилди
- Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар
- Пойтахт эҳтиёжини таъминлаш учун қуввати 2 минг 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станциялари барпо этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг