Навоийлик китобхон отахонга кутубхона қуриб берилади

23:09 25 Январь 2021 Жамият
486 0

Навоий вилояти ҳокими Кармана туманининг Калавот маҳалласида истиқомат қилувчи  Бурхон Жўраевнинг хонадонида бўлиб, унинг 10 минг дона китоб эга   шахсий кутубхонаси билан танишди. Китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида вилоят ҳокими отахонга кутубхона қуриб беришни ваъда қилди. 

Бурхон Жўраев ҳақида бундан салкам тўрт йил аввал газетамиз саҳифаларидан бирида мақола берган эдик. Бугун китобхон отахон ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлишингиз учун ўша мақолани яна бир бор эслатмоқчимиз.

“... Китоб билан бетаъма дўст тутинган кишилардан яна бири Кармана туманидаги Калавот маҳалласида истиқомат қилувчи Бурҳон Жўраевнинг хонадонидаги китоб фонди бугунги кунда 10000 нусхадан кўпроқни ташкил этади. 30 — 40 йил илгари нашр этилиб, обуна йўли билан сотувга чиқарилган  «Жаҳон адабиёти»  ва «Ажойиб кишилар ҳаёти» сериясидаги барча китоблар,  турли мавзу ва йўналишдаги қомуслар Бурхон аканинг бир хона  ва даҳлиздан  иборат кутубхонасидан жой олган. Бундан ташқари оқсоқол 1975 йилдан 1995 йилгача бўлган даврдаги  «Шарқ юлдузи» ва «Ёшлик» журналларининг тўлиқ тахламига эга. Бир сўз билан айтганда «етти пуштига етади» иборасини китобга татбиқ этсак, Бурҳон Жўраевнинг «бойлиги» ҳавас қилгулик.   

— Бир куни янгангиз Кармана бозорига «Малыш» қуруқ сути олиб келиш учун жўнатди, — дея хотирлайди Бурҳон ака. — Китоб дўкони шундоқ йўлимизда. Иш вақти тугаб, сотувчи дўконни ёпаётган экан. Китоб олавериб, қадрдон бўлиб кетганмиз, қайта очди. Қуруқ сутнинг пулига Абдулла Ориповнинг «Юзма-юз»ини  олиб, пул учун яна уйга қайтдим. Бу орада  сут сотадиган дўкон ҳам ёпилиб қолибди. Кичкинамиз шу кеча сутсиз қолиб кетди.

Бурҳон ака  беш фарзанд улғайтирган, ҳаммаси олий маълумотли. Уч ўғилдан  тўнғичи кончи-муҳандис, ўртанчаси педагог, кенжаси Шерзод Жўраев эса ҳарбий, яқинда капитан ҳарбий унвонига лойиқ топилибди.

— Отам ҳам, онам ҳам  колхозчи эди, — дейди Б. Жўраев. — Ҳар куни кечқурун  достон ўқиб берарди. Ўша йиллар ўзбек достонлари чоп этила бошланган, янгиси топиб келинган кун уйимизда байрам бўларди. Кутубхонамизга шу  йўсинда асос солинган эди.

Бурҳон аканинг  маълумоти ўрта. Олти ойлик ўқув курсини тугаллаб, электрик касбини эгаллаган. Оғир йиллар эди, ўқий олмадим, деб ўксинмайди. Аксинча, олий маълумотлилар ҳам ўқиса, шунча китоб ўқирди, дея умр йўлдоши Хадича Жўраевага мақтаниб қўярмиш.

— Кўпчилик Бурҳон аканинг ўз кутубхонасидаги ҳамма китобларини ўқиганлигига шубҳа билан қараб, ҳа, энди почта маркасини тўпловчиларга ўхшаган бир коллекционерда, деб ўйлашади. Туман газетасининг собиқ муҳаррири Эргаш Ёқубов ҳам шундай фикрда эди, - дейди адиб Одил Ҳотамов. — Бир куни мавридини топиб, Лев Толстойнинг «Болалик»  қиссасидан савол берди. Бурҳон ака жавобининг охирида ўша қисса 1852 йил илк бор «Современник» журналида чоп этилгани ва шу муносабат билан адибнинг Некрасовга ёзган мактуби мазмунигача айтиб берганида Эргаш аканинг тан беришдан ўзга чораси қолмади.

Бурҳон Жўраев 2000 ва 2001 йиллари «Кармана овози» газетаси билан ҳамкорликда тумандаги мактаб ўқувчилари ўртасида  «Зукко ёш китобхон»  танловини ўтказди. Ўзи тузган саволларга аниқ жавоб берганларга ўн донадан китоб совға қилди.

— Акангизнинг туғилган кунига 1973 йилдан буён танишлари китоб совға қилишади, — дейди Хадича Жўраева. — Ўша нашрдан уйимизда мавжуд бўлса, алоҳида ажратиб қўядилар. Хуллас шундай китоблардан юздан ошиғи тўпланиб қолган экан. Конкурс ўтказиб, ғолибларга китоб,  пенсиясидан пул мукофоти берибди. «Кармана овози»да ўқиб билибман.»

Темур ЭШБОЕВ,

(Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер