Навоийда ёшлар фестивали қанча ўғил-қизларни ўз атрофига бирлаштира олади?

19:43 17 Июнь 2021 Жамият
860 0

Ёшлар мамлакат эртаси ва жамият келажагини белгиловчи куч. Уларнинг баркамол вояга етиши, салоҳиятли ва илғор фикрлайдиган авлод бўлиб улғайиши ҳамда эзгу мақсадлар рўёби йўлидаги интилишларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, шарт-шароитлар яратиш ва атрофида жипслаштириш бугуннинг устувор вазифаларидан бири.

Айни мақсадларни кўзлаган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик» шиори остидаги ёшлар фестивали Навоий вилоятида ўз атрофига уч кун мобайнида 300 минг нафарга яқин ёшларни жипслаштиради.

Бугун фестивалнинг иккинчи кун. Унинг дастури доирасида вилоят марказининг ўндан ортиқ сўлим манзил ва муҳташам кошоналарида 50га яқин лойиҳа асосида турли тадбир, танлов, учрашув ва кечалар ўтказиляпти.

Таъкидлаш жоиз, тадбирнинг биринчи кунида дастлаб ташкилий комиссия томонидан ОАВ вакиллари учун матбуот конференцияси ўтказилиб, унда журналистлар ўзларини қизиқтирган маълумотларни олиши, ишлаш ва етказишлари билан боғлиқ қулайликлар, тадбирларни ёритишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда фестивалнинг мақсад ва ғояси, унинг туман ва шаҳар босқичлари якунлари хусусида маълумотлар берилди.

Таъкидландики, бугун вилоят аҳолисининг 548 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, уларнинг 21 минг 967 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган. Амалга оширилган ижтимоий тадбирлар хусусан, 4530 нафарининг қайта касб-ҳунар эгаллаши, 1359 нафарига имтиёзли кредитлар йўналтирилиши, шунингдек, 4096 гектар ер майдонининг бандликни таъминлашга ажратилиши натижасида уларнинг олтмиш беш фоизи ушбу «дафтар»дан чиқарилди.

Албатта, мазкур ёшлар эндиликда янгиланаётган Ўзбекистондаги ижтимоий жараёнларда ўзларини дахлдор ҳис этишади. Фестиваль ҳам айни мақсадларни ният тутган эмасми, унинг дастури доирасидаги ҳар бир лойиҳа мазмунан жамоавий дахлдорликни қарор топтиришга йўналтирилган. Чунончи, «Замонамиз қаҳрамонлари» лойиҳаси доирасидаги вилоятнинг малакали шифокорлари билан учрашув навоийлик ёшларнинг бренди «Меҳрибон юрак» акцияси атрофидаги воқеликларга бағишланди. Эсласангиз мазкур акция доирасида вилоятнинг юрагида туғма нуқсони бор эллик нафарга яқин болаларида мураккаб жарроҳлик операциялари беғараз ўтказилиб, уларнинг саломатлиги тикланган эди. Шунингдек, коронавирус пандемияси шароитида шифокорларнинг меҳнати ҳам чинакам қаҳрамонлик намунасидир. Табиийки, мазкур учрашув иштирокчи ёшлар қалбида фидойилик ҳислари оловини ёққан бўлса ажаб эмас.

Фестивалнинг тадбирлар мундарижасидан миллий маданий марказларнинг қадриятлар намойиши, «Ёш китобхон оила ”, «Ёш ошпаз», «Қувноқлар ва зукколар» каби кўнгилочар тадбирлар, стол тенниси, волейбол, гандбол, минифутбол ва велоспорт бўйича спорт мусобақалари, халқ ўйинлари ҳамда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намойиш этишлари учун турли робототехника ва инновацион ишланмалар кўргазмалари ўрин олган.

Фестивалнинг бадиий қисмида эса бахшичилик, турли мушоиралар кечки концерт дастурларига уланиб кетмоқда.

Фестиваль дастуридан ўрин олиб, ёшлар камолотининг барча жиҳатларини қамраб олган лойиҳалар 18 июнь куни ҳам давом этади.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер