Навоийда “Туризм кўчаси” қурилиши бошланди

19:15 07 Январь 2022 Жамият
849 0

Фото: «Халқ сўзи»

Мазкур лойиҳа Навоий шаҳрининг Ислом Каримов ва Амир Темур номидаги кўчалари кесишмасидан Алишер Навоий истироҳат боғигача бўлган оралиқда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини қамраб олган.

Шартли равишда "Туризм кўчаси" номини олган лойиҳага кўра ушбу манзилда пиёдалар йўлагига гранит плиткалар ётқизилиб, тунги ёритиш чироқлари, стелла ўрнатилади. Шунингдек, сайёҳлар ва меҳмонлар учун иккита селфи ҳудуди, ҳордиқ ва суҳбат манзиллари, фавворалар мажмуаси, замонавий ландшафт дизайн асосида яшил майдонлар лойиҳалаштирилган.

Айни объект бўйича бош лойиҳачи этиб “Muqayyas Group” хусусий корхонаси танлов асосда танлаб олинган. Лойиҳанинг умумий қиймати 13. 674 807 минг сўмни ташкил этади.

Навоий шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Зариф Маҳмудовнинг айтишича, ушбу кўчада пиёда ва велосипедда сайр этиш учун йўлаклар ташкил этилиб, сайёҳлар учун маълумотлар маркази, меъморий ечимда бир-бирини такрорламайдиган еттита салқин ичимликлар савдоси нуқтаси, овқатланиш шохобчалари, санитария-гигиена масканлари, барпо этилади. Бир сўз билан айтганда, бу ер шаҳарнинг “ташриф қоғози”га айланиши кўзда тутилмоқда.

“Туризм кўчаси”ни қуриш ишлари жорий йил Мустақиллик байрами арафасида якунланиши режалаштирилган.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер