Навоийда сайловда илк бор овоз берувчи талабалар билан учрашув ташкил этилди

08:45 15 Сентябр 2021 Жамият
150 0

Навоий давлат Педагогика институтида Республика Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шуҳрат Жўраев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси раиси Нормурод Исоқовнинг сайловда илк бор иштирок этадиган талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайлов мамлакатимиз келажаги ва жамият тараққиётида муҳим ўрин тутиши таъкидланиб, унда ҳар бир сайловчининг иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Сўз сайловда илк бор иштирок этаётган ёшлар – талабаларнинг истиқболдаги сиёсий жараёнларда ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишлари хусусида борар экан жорий сайловнинг янгиликлари батафсил тушунтирилди.

Хусусан, жорий сайловда талабаларга ўзлари вақтинча рўйхатдан ўтган ҳудудларда овоз бериш имкониятлари яратилиб, бунинг учун  овоз берувчи ва участка сайлов комиссияси амалга оширадиган тадбирлар босқичма-босқич тушунтирилди.

Учрашувда талабалар бетоб бўлиб қолган сайловчилар ҳамда чет элда бўлган юртдошларимизнинг овоз беришларини таъминлаш ва сайлов бўйича ўзларини қизиқтирган бир қатор саволлар билан мурожаат этдилар.

— Талабалар ҳар бир мамлакатда, жумладан Республикамизда ҳам сайловчиларнинг зиёли ва фаол қатлами ҳисобланади. Жорий сайловда жамиятимиз сиз ёшлардан жўшқинлик ҳамда уюшқоқликни кутиб қолади. Зеро, ушбу сайлов мамлакатимизда демократик янгиланишларнинг бетакрор кўзгусидир, деди тадбир ниҳоясида МСК аъзоси Ш. Жўраев.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5- Навоий округ сайлов комиссияси томонидан айни кунларда амалга оширилаётган ишлар, хусусан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган календарь режа асосидаги тадбирлар бўйича маълумот берилди.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?