Навоийда ҳоким ўринбосарлари тайёрлаган ош болаларга улашилди

10:12 02 Июнь 2021 Жамият
332 0

1 июнь — «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» навоийлик болаларга ҳам олам-олам қувонч улашди. Вилоятнинг барча туманларида у кенг нишонланиб, истироҳат боғларидаги аттракционлар ҳамда сўлим манзиллар ушбу кун болалар ихтиёрида бўлди.

Айниқса, байрам Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари учун унинг дастури ҳомийлар томонидан ниҳоятда ранг-баранг тузилганлиги боис, меҳрга ташна қалбларга ажиб бир эзгулик ёғдусини сочган бўлса не ажаб.

«Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» шиори остида маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва концерт дастурларини ташкил этиш бўйича Навоий вилоятига ташрифи буюрган Республика тарғиботчилар гуруҳи ҳам ушбу байрам муносабати билан «Маънавий саховат» шиори остидаги «Ош чемпионати»да иштирок этдилар.

Мазкур тадбирда вилоятнинг туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари томонидан ош тайёрланиб, Навоий шаҳридаги «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари ва Кармана туманидаги кўзи ожизлар жамияти аъзоларига ҳам улашилди.

Шунингдек, болажонларга шаҳардаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи аттракционларидан бепул фойдаланишлари учун махсус билетлар тарқатилди. Тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашиш мақсадида Республикадан ташриф буюрган санъаткорлар томонидан концерт дастурлари намойиш этилди.

«Ош чемпионати»да ғолиб, деб топилган Нурота тумани жамоасига вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши раисининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?