Навоийда фирибгарлик билан боғлиқ икки жиноят «иссиғи»да очилди

16:22 16 Январь 2023 Жамият
523 0

Иллюстратив фото

Халқимиз тоғ бўрисиз, эл ўғрисиз бўлмайди, дейди. Бу мақол замиридаги ҳақиқат бугун нечоғлик ҳаётга яқин, билмадигу, лекин ҳозирги юксак технологиялар даврида, таъбир жоиз бўлса, замон билан ҳамқадам ўғрилар ҳам борлиги ва содда инсонлар уларга «чув» тушаётгани ҳақида онда-сонда ўқиб турибмиз.

Мисол учун, Навоий шаҳрида яшовчи Қ.Э. ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан унинг ногирон акаси даволаниши учун банк картасига туширилган 22 миллион сўм пул маблағи номаълум шахс томонидан ечиб олинганини ҳамда бу маблағни қайтаришда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилди.

— Тезкор-қидирув тадбирларида ушбу жиноятни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган Б.Р. содир этгани аниқланди, — дейди Навоий шаҳар ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили Ғанишер Шаропов. — У ногирон фуқарога Телеграм мессенжери орқали алоқага чиқиб, эҳсон тариқасида пул ўтказиб беришини билдиради. Шу йўл билан фуқаронинг ишончига кириб, банк картаси маълумотларини қўлга киритган ва банк картасидаги пулларни ўзлаштирган.

«Электрон ўғри»га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навбатдаги жиноят эса қўшни Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи Ш.Д. томонидан амалга оширилган. У тилла тақинчоқ олиш ниятидаги навоийлик Ш. Н.дан Телеграм мессенжеридаги “Kredit asosida tillavagold” канали орқали буюртма ҳамда гаров сифатидаги 3 миллион 267 минг 350 сўм пулни “Click Evolution” мобил иловаси орқали тушириб олади. Шундан сўнг Телеграмдаги ёзишмаларни ўчириб ташлаб, виртуал оламда қайта «қорасини кўрсатмайди».

Ш.Д.га ЖКнинг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, унинг шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноятларни «иссиғи»да фош этган Навоий вилоят ички ишлар ходимлари фуқароларимиздан электрон фирибгарлардан огоҳ бўлишларини сўрашмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер