Навоийда автомобилларга газ тўлдириш шохобчасидаги ўғрилик фош этилди

23:51 22 Сентябр 2022 Жамият
603 0

Фото: Халқ сўзи

«Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиалининг жисмоний шахсларга табиий газни етказиб беришни назорат қилиш бўлими ходимлари, филиалнинг моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлими, «Ўзнефтгазинспекция» Навоий ҳудудий бўлими ҳамда «Ҳудудгаз Метрология» филиали Навоий бўлими масъул ходимлари томонидан Навоий шаҳрининг «Инспекторлар» кўчасида жойлашган «Б.Э.М.» МЧЖга қарашли «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси»да табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Жамиятга тегишли бўлган «Автопилот Про» русумли электрон газ ҳисоблаш ускунасининг талаб асосида ишлаётганлиги модем орқали текширилганда, шубҳали ҳолат борлиги кузатилиб, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида газ ҳисоблагич белгиланган тартибда ечиб олиниб, эксперт текширувидан ўтказилди.

Текширув натижасида унинг газ ҳисоблаш ускунаси конфигурацияси ўзгартирилганлиги ва мазкур ҳолат ҳисобдоннинг ҳисоблаш механизми тўғри ишлашига таъсир этганлиги маълум бўлди.

Бир сўз билан айтганда, ишбилармон, янада кўпроқ даромад кўриш ниятида «ишбилармон»лик қилган экан..

— Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорининг тегишли бандида ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборининг конфигурацияси ва созлигини ўзгартириш учун табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборига модем ёки бошқа алоқа воситаларининг рухсатсиз улангани аниқланганда, белгиланган тартибга асосан, истеъмол қилинган табиий газ ҳажмларининг қиймати ундирилиши белгиланган, — дейди филиалнинг матбуот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. — Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу истеъмолчи томонидан 1 миллион 363 892 м3 газ ноқонуний сарфланган. Яъни, қиш мавсумининг бир ойида 2000 та хонадонни таъминлашга етадиган табиий газ талон-тарож қилинган. Таъминот корхонаси бундан 1 миллиард 363 миллион 892 000 сўм моддий зарар кўрган.

Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли тартибда далолатномалар тузилиб, барча тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер