Навоийда 32 нафар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилди

20:33 21 Апрель 2021 Жамият
396 0

Навоий шаҳар судининг 4-сон ЖИEМда сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда жазо муддатини ўтаётган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган, жазони ўташ давомида колонияда ўрнатилган ички тартиб қоидаларига тўлиқ риоя қилган ва интизомий жазоланмаган 32 нафар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилди.

- Сайёр суд мажлисида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган 5 нафар маҳкум муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди, 3 нафар маҳкумнинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроқ жазога алмаштирилди, шунингдек 24 нафар маҳкумларни сақлаш шароити енгил тартибли колонияга ўтказилди, - дейди Навоий шаҳар суди раиси раиси Ш.Мамиров. - Шу тариқа жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар қалбига эзгулик ва инсонпарварлик ниҳолларини қададик, десак ҳам бўлади. Эндиликда уларнинг қаршисидаги вазифа - юртимиз, жамиятимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиши, фарзандлари, ота-оналари юзини ёруғ қилиб, ўз меҳнати билан қадр топишдир.

Сайёр суд мажлиси тадбири доирасида маҳкумлар ва ЖИEМ жамоаси учун бир неча мавзуларда ҳуқуқий маърузалар қилинди. Хусусан, суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, коррупция ва одам савдоси, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 мартдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?