Навоий вилоятидаги маҳаллаларнинг олтмиш фоизида йил бошидан буён жиноят юз бермади

18:22 13 Июнь 2022 Жамият
293 0

Фото: Халқ сўзи

Навоий вилоятида 330 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Йил бошидан буён ҳудудда содир этилган 1015 жиноят 108 та МФЙга тўғри келади. Табиийки, ушбу маҳаллалар “қизил тоифа”га олиниб, ҳар бирида жиноятга олиб келган омиллар таҳлил этилади, уларнинг такрорланмаслиги чоралари кўрилади.

Вилоят ИИБнинг ОАВлари вакиллари ва ижтимоий тармоқлар блогерлари учун ўтказган матбуот анжуманида шу ва Жамоат хавфсизлиги концепцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди.

— Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳисобот даврида бир қатор турдаги жиноятлар, хусусан, оғир турдаги жиноятлар содир этилиши камайган бўлса-да, вояга етмаганлар билан ишлаш масалалари долзарблигича қолмоқда, - дейди Навоий вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Умиджон Адизов. — Шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан оғир оқибатлар сонида камайиш кузатилса-да, ЙТҲнинг 28 киши умрига зомин бўлганлиги бу борада самарадор тадбирларни қўллашимизни тақозо этади.

Матбуот анжуманида ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилишини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 10 июнидан 10 июлига қадар эълон қилинган “Интизом ойлиги” ва унинг доирасидаги тадбирлар хусусида сўз бориб, бу борада жамоатчилик назорати муҳимлиги таъкидланди.

Вилоят ИИБ тизими раҳбарлари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер