Навоий вилоятида жорий йилнинг 8 ойида мансабдорлик ва коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан 163 та жиноят қайд этилди

11:27 28 Октябр 2022 Жамият
224 0

Фото: Халқ сўзи

Навоий шаҳрида Инсон ҳуқуқи маданияти маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури қўшма танлови асосида «Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати ва унда матбуотнинг ўрни» грант лойиҳаси доирасида ўқув семинари ўтказилди.

Семинарни Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Ғофир Мусурманов кириш сўзи билан очиб, мазкур анжуманнинг ўтказилишидан кўзланган мақсадга атрофлича тўхталди. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси бўлиб қолмай, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигига таяниши, аҳолининг ҳуқуқий маданияти бунда муҳим омил эканини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқи маданияти маркази директори Ихтиёр Умаров «Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати ва унда матбуотнинг ўрни» ва «Журналистик суриштируви: ҳуқуқий асослари, асосий босқичлари ва маълумотларни шакллантириш тартиби» мавзуларида маъруза қилди. Жамиятимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган коррупция ҳолатларига қарши курашишнинг долзарб масалалари тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

БМТ Тараққиёт дастури «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси компонент раҳбари Нодира Зикриллаева халқ фаровонлиги ва мамлакат равнақига рахна солувчи ушбу жиноятга қарши курашишда хориж тажрибасининг энг мақбул жиҳатларини амалиётда қўллаш, коррупцион ҳолатларни очиқлашда журналистларнинг ўрни, журналист суриштируви жараёнида шошма-шошарликка йўл қўймаслик, воқеа-ҳодисаларга бир томонлама ёндашмаслик ва холислик ҳамда аниқликка эътибор қаратиш зарурлигига урғу берди.

— Навоий вилоятида жорий йилнинг 8 ойида мансабдорлик ва коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан 163 та жиноят қайд этилди, — дейди вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Бекзод Раджабов. — Шу кунга қадар 179 нафар шахсга нисбатан 91 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги аниқланди. Мазкур ҳолатларнинг салмоқли қисми халқ таълими, қурилиш ва кадастр, банк кредитлари бериш, ер майдони ажратиш, соғлиқни сақлаш каби соҳаларга тўғри келади.

Тадбир Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги Фармони билан тасдиқланган «Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури» ижросини таъминлаш, коррупциянинг олдини олишда ҳалолликни шакллантириш механизмлари, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда жамоатчилик назоратини тизимли ташкил қилиш масаласида қизғин муҳокама билан давом этди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?