Навоий ва Самарқанд вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама этилди

12:36 13 Сентябр 2022 Сиёсат
270 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг 2022 йил 13 сентябрь куни бўлиб ўтган 32-ялпи мажлисида Навоий ва Самарқанд вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Навоий ва Самарқанд вилоятларида “Ҳоким ёрдамчиси”, “Ёшлар етакчиси” ва “Хотин-қизлар фаоли” тизимидан самарали фойдаланиш ҳисобига ишсизликни камайтириш борасида муайян натижаларга эришилган. Хусусан, қарийб 120 минг ишсизларга меҳнат органлари томонидан бандлик хизматлари кўрсатилган, 31 минг нафар фуқаро бўш иш ўринларига жойлаштирилган.

Навоий вилоятида 39,8 минг ва Самарқанд вилоятида 88,9 минг фуқаро 70 та фаолият йўналишида ўзини ўзи банд қилган.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига Навоий вилоятида 3,7 минг ва Самарқанд вилоятида 8,3 минг ишсиз жалб қилиниб, уларга 15,8 млрд сўм иш ҳақи тўлаб берилган.

Янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида Навоий вилоятида қарийб 750 нафар фуқарога 3,5 млрд сўм ва Самарқанд вилоятида 2,3 мингдан ортиқ фуқарога 3,1 млрд сўм субсидия ажратилган.

Амалга оширилган ишлар билан бирга, шаҳар ва туманларда янги иш ўринларини яратишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилиб, мазкур йўналишга оид Сенат Кенгаши қарорлари ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги таъкидланди.

Хусусан, соҳа ва тармоқларда яратиладиган иш ўринлари ва уларнинг манзилли рўйхати, тадбиркорлик фаолияти учун ажратиладиган субсидиялар, режалаштирилган меҳнат ярмаркалари тўғрисидаги ахборотлар ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилмаган.

Иш ўринлари тўғрисидаги умумий ҳисоботни шакллантиришда такрорланувчи рақамларни чегириб ташлаш, солиқ органи ва Ягона миллий меҳнат тизими электрон маълумотлари базасига мувофиқлигини таъминлаш ишлари охирига етказилмаган.

Жумладан, Самарқанд вилоятида туризм йўналишида якка тартибда тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ҳисобига яратилган 5,2 минг иш ўрни бир вақтнинг ўзида тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида яратилган иш ўринларида ҳам такрор қайд этилган.

Хизматлар соҳасида иш ўринлари яратиш кўрсаткичлари асосан ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бажарилган бўлиб, янги объектларни ташкил этиш ҳисобига яратилган иш ўринлари Самарқанд вилоятида атиги 24,8 %ни, Навоий вилоятида эса 20,3 %ни ташкил қилган.

Янги иш ўринлари яратилган айрим тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтганига бир-икки ой бўлишига қарамай, фаолиятини тўхтатиб қўйганлиги қайд этилди.

Ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, хусусан, иш ўринларини соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида инвентаризациядан ўтказиш, асоссиз равишда ошириб кўрсатилган иш ўринларини аниқлаб, ҳисоботларни қайта шакллантириш, “Шаффоф қурилиш” платформасида ғолиб бўлган пудрат корхоналари томонидан ўз лойиҳасида кўрсатилган иш ўринларида бандликни таъминлаш устидан мониторинг модулини яратиш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, тегишли ҳокимликларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ва қисқа муддат ичида ўз фаолиятини тўхтатган хусусий бизнес субъектларининг муаммо ва фаолиятидаги тўсиқларни ўрганиб, уларнинг фаолиятини тиклаш юзасидан ва ҳар бир рўйхатдан ўтган тадбиркор билан алоҳида ишлаш, натижалари бўйича асосланган ишлаб чиқилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер