Навоий шаҳри навоийшунослар анжуманига мезбонлик қилмоқда

22:43 23 Ноябрь 2021 Жамият
554 0

Архив сурат

Ўтаётган йилимиз  ғазал мулкининг султони Низомиддин мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг миқёсда нишонланган йил сифатида мамлакатимиз тарихидан жой олади. Шу муносабат билан 2020 йилнинг 19 октябрида Президентимизнинг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Қарорда  шоир  асарларида теран ифода этилган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари қаторида мутафаккир шоир номи билан аталувчи Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш белгиланган эди. 

Мазкур анжуманни юксак савияда ўтказиш мақсадида Навоий вилоятида кенг миқёсда тайёргарлик кўрилиб, Америка Қўшма Штатлари, Россия,  Канада, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлар ҳамда республикамизнинг бир қатор навоийшунос олимлари таклиф этилган.

Икки кун давом этадиган конференцияда дастлаб ялпи мажлис, сўнгра секцияларга бўлинган ҳолда  навоийшуносликнинг сўнгги тадқиқотлари бўйича изланишлар муҳокама этилади. Анжуманнинг иккинчи куни шиор ғазалларига басталанган куй-қўшиқлар ижросидаги катта концерт дастури билан ниҳоясига етказилади.

Бугун Навоий шаҳрида конференция иштирокчилари кутиб олиниб, унга тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?