Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Германия компанияси билан ҳамкорликда ўқув маркази ташкил этилади

12:36 24 Ноябрь 2022 Жамият
315 0

Фото: Халқ сўзи

Германиянинг “Zeppelin” концерни таркибидаги “Zeppelin Uzbekistan” компанияси ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида кон саноати учун мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат университет ректори Бахтиёр Мардонов ҳамда “Zeppelin Central Asia Machinery” компанияси бош директори Михаил Консевенко томонидан имзоланди.

Мазкур келишув халқаро таълим стандартлари даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш, ўзаро манфаатли соҳаларда илмий-техникавий ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш, очиқ илмий-техник ахборот ва инновацион технологиялар алмашинуви каби вазифаларни мақсад қилган. Эндиликда “Caterpillar” ўқув маркази базасида илмий-услубий семинарлар, илмий-амалий конференциялар, вебинарлар ва бошқа тадбирларни ўтказилади.

— Биз рақобатчилардан фарқли ўлароқ, ечимлар яратамиз, — дейди “Zeppelin Central Asia Machinery” бош директори Михаил Консевенко.— Биз техниканинг бутун умри давомида мижоз билан бирга бўламиз. Шунингдек, биз мижозларга ўргатиш, хизмат кўрсатиш ва молиявий, технологик ечимлар билан ёрдам берамиз. Мижозларимиз минтақадаги йирик компаниялар бўлиб, биз уларга ускуналар етказиб беришдан ташқари техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича хизматларни ҳам таклиф этамиз.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Германиянинг “Zeppelin” концернига XIX ва XX асрлар чорраҳаси, яъни 1900 йилда граф Фердинанд фон Сеппелин томонидан асос солинган. 1908 йилда эса концерн дирижаблсозликка қўл уриб, соҳада мустаҳкам илмий-техник база яратган.

Ўтган асрнинг 50 йилларида Американинг “Caterpillar Inc” компанияси Европада йирик юк транспорти воситалари двигателлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ҳамкор сифатида “Zeppelin«ни танлайди. Етмиш йилдан ошибдики, концерн “Caterpillar Inc«нинг ишончли ҳамкори сифатида ўз фаолият географиясини кенгайтириб бормоқда.

– Ўзбекистон таълим соҳаси ривожига ҳисса қўшаётганимиз, кончилик саноатида малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашаётганимиздан мамнунмиз, — дея давом этади М. Консевенко. — Корпоратив ижтимоий масъулият бўйича лойиҳаларимиз доирасида биз нафақат янги ўқув марказини моддий-техник жиҳозлаш бўйича ёрдам беришга, балки тўпланган тажрибаларимизни тўлиқ ўргатишга ва ўқув жараёнларида фаол иштирок этишга тайёрмиз.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?