Навоий асарлари Туркияда ҳам алоҳида ҳурмат билан ўрганилади — туркиялик Гўзда Шаҳин

18:01 09 Февраль 2022 Маданият
714 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бугун буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида бобокалонимиз номи билан аталувчи боғда катта байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, талаба ва ўқувчи-ёшлар, хорижлик сайёҳлар иштирок этди.

Тадбирда алломанинг ибратли ҳаёти ва бой ижодий мероси, уларнинг бугунги кундаги аҳамияти хусусида фикр юритилди. Ҳазрат Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани қайд этилди.

Тадбирда Ҳазрат ижодидан турли тилларда ғазал ва рубоийлар ўқилди. Самарқанд вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

«Ўзбекистонда учинчи бор меҳмон бўлиб турибман. Бу галги ташрифимиз туркий дунёнинг буюк шоири — Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги тантаналарига тўғри келганидан беҳад хурсандман. Навоий асарлари Туркияда ҳам алоҳида ҳурмат билан ўрганилади. Турк шоир ва ёзувчилари томонидан Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган қимматли асарлар яратилган. Ва бу йўналишдаги ишлар ҳозир ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда», дейди Туркия туризм ва маданият вазирлиги халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гўзда Шаҳин.

Тадбир сўнгида шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Сана муносабати билан Самарқанддаги таълим муассасалари ва маданият масканларида концерт дастурлари ҳамда мушоира кечалари давом этмоқда. 

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер