Навбатдаги чора-тадбирлар: камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш тизими жорий этилади

11:10 13 Август 2020 Сиёсат
384 0

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш муҳим ва устувор масалага айланди. Шу боис, ўтган вақт давомида тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида барча куч сафарбар этилди.

Солиқдан озод этиш бўладими, энергия ресурслари тўловидаги имтиёзларми, маҳсулотни сотишдаги эркинликми, хуллас, ҳамма шароит муҳайё қилинди. Мамлакатимизда қабул қилинаётган бир қатор қонунлар, президент фармон ва қарорлари бу борада муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йил 11 август куни Президентимиз томонидан имзоланган «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ҳам аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Нега деганда, мазкур қарор билан камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш дастури тасдиқланди. Россия Федерациясида фаолият юритаётган меҳнат мигрантларини ўқитиш чоралари белгиланди. Энг муҳими, камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини жорий этиш учун зарур бўладиган молиявий харажатлар ажратилди.

Шу билан бирга, аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга, нодавлат сектори имкониятларидан кенг фойдаланиш учун давлат ёрдамини бериш механизми жорий қилинади.

Аҳамиятли томони шундаки, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини халқаро WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади. Мономарказлар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади.

Президентимиз қарорига асосан, ушбу лойиҳалар ижросини таъминлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 150 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Яна бир муҳим янгилик – қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар бир ҳудудда камида биттадан «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» бўйича нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ўртасида очиқ танлов ўтказади. «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» танлови ғолибларининг лойиҳаларини рағбатлантириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 50 миллиард сўм маблағ ажратади.

Умуман олганда, мазкур қарор камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш йўлида катта қадам бўлиши, шубҳасиз. Демак, эндиликда ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда, қарор ижросини ўз вақтида таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлишимиз зарур.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,

OʼzLiDeP фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?