НАТО Швециянинг иттифоққа қачон қўшилиши ҳақида аниқ муддат айтолмади

19:32 03 Апрель 2023 Дунё
1279 0

Иллюстратив фото

Швециянинг НАТОга қўшилиши ҳафталар ёки ойлар давом этиши мумкин. Бундай муддатни альянс бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Столтенберг давлат аллақачон альянснинг ҳарбий тузилмаларига интеграциялашганини таъкидлади, шунингдек, Финляндиянинг НАТОга қўшилиши фонида Швецияни ёлғиз қолдирмасликка ваъда берди.

«Швециянинг аъзо бўлиши ҳафталар ёки ойлар давом этиши мумкин», дея огоҳлантирди Столтенберг.

Аввалроқ, НАТО бош котиби Финляндия 4 апрель куни расман НАТОга аъзо бўлишини тасдиқлаган эди. Унинг қайд этишича, ушбу тадбир бутун иттифоқ каби давлат хавфсизлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Швеция ва Финляндия 2022 йил май ойида НАТОга кириш учун ариза топширган. Туркия уларнинг альянсга киришига қарши чиқди, бироқ 1 апрель куни мамлакат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған Финляндия аризасини ратификация қилишни маъқуллади.

Ўз навбатида, Стокголмда Қуръон китобини ёқиш кампаниясидан сўнг Швеция аризасини Туркия томонидан ратификация қилини мураккаблашди.

Шу йилнинг 21 январь куни Даниянинг Ислом динига қарши «Stram Kurs» партияси раҳбари Расмус Палудан Туркиянинг Стокголмдаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборди.

Акция шаҳар маъмурияти билан келишилган ва Палудан бундай чиқиш учун тўловни амалга оширган. Бундан ташқари, Стокголм маъмурияти маҳаллий курдларга ҳам намойиш ўтказишга рухсат берган ва унда 50 га яқин одам йиғилган.

Шундан сўнг, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Стокголмдаги Туркия элчихонаси яқинида Ислом динининг муқаддас китоби — Қуръон ёқиб юборилиши билан боғлиқ воқеадан сўнг Швеция НАТОга аъзолик масаласида Туркия ёрдамига умид қила олмаслигини айтди.

«Швециядаги, ҳаттоки дипломатик ваколатхонамиз яқинидаги бу нопок ҳаракатлар мусулмонлар, умуман, барча инсонлар, барча ҳуқуқ ва эркинликларни ҳақорат қилиш ҳисобланади», деди Туркия президенти.

Унинг сўзларига кўра, Швеция Шимолий Атлантика альянсига киришда «энди ёрдам кутмаслиги керак», чунки мамлакат «террорчиларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер