Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисидаги Қонун такомиллаштирилмоқда

12:21 22 Июнь 2023 Сиёсат
2177 0

Фото: «Халқ сўзи»

Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда республикамизда наркологик касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, наркологик касалликларга чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни нафақат наркология муассасаларининг, оила аъзоларининг (қариндошларининг) илтимосномаларига асосан, балки ички ишлар органларининг ташаббусига кўра ҳам расмийлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шу муносабат билан мазкур Қонунга ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ваколати берилишини, шунингдек, мазкур материалларни тайёрлаш тартиби белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Яна бир киритилаётган қўшимчалардан бири фуқароларнинг наркологик текширувдан ўтказилишини, маслаҳат берилишини, ташхис қўйилишини, наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг амбулатория ва стационар шароитларда даволанишини ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация қилинишини давлат кафолатлаши белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилиши ҳақидаги норма киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш ташаббуси билан чиқадиган шахслар доирасини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда наркологик ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер