Нарбаева масофавий таълимнинг технологияларини таълимнинг барча босқичларида ривожлантириш лозимлигини таъкидлади

12:39 07 Август 2020 Сиёсат
440 0

Хабар берилганидек, бугун бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди.

Парламент юқори палатаси Раиси мазкур Қонундаги айрим жиҳатларга ҳамда мамлакатимизда таълим тизимидаги баъзи муаммо ва камчиликларга эътибор қаратди.

– Аввало, ушбу Қонун таълим соҳасидаги ислоҳотларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилишини унутмаслик керак, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Қолаверса, таълим сифати, у қайси босқичда, қандай шаклда, ким томонидан берилмасин, энг устувор мезон бўлиши шарт. Таълимда, айниқса, умумий ўрта таълим босқичида касбга ўргатишга жиддий қараш лозим. Касбга тайёрлаш тизими уйғун ва мослашувчан бўлиши керак. Замон талаби, яъни меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб болаларимизни замонавий касбларга тез ва сифатли тайёрлашимиз керак.

Масофавий таълим шаклини, унинг технологияларини таълимнинг барча босқичларида ривожлантиришимиз лозим. Йил бошидан бери давом этиб келаётган пандемия мамлакатимизда масофавий таълим тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш заруратини кўрсатди.

Масофавий таълим бериш бўйича ўқитувчи ва мураббийлар кўникмаларининг етарли эмаслиги, ўқувчи ва ўқитувчи ўртасидаги қайта алоқа механизмининг яхши йўлга қўйилмаганлиги, республиканинг узоқ ҳудудларига юқори тезликдаги симли интернет тармоғининг етиб бормаганлигитаълим сифатини туширмоқда. Шу боис Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда мамлакатимизда масофавий таълим тизимини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ.

Яна бир жиҳат. Таълим тизимини, айниқса олий таълимни коррупция иллатидан буткул халос этиш лозим. Таҳлилларга кўра, олий таълимда коррупция ҳолатлари деярли барча босқичларда – талабаликка қабул қилишдан тортиб, ўқиш жараёнидаги синовлар, талабаларнинг ўқиш жойини кўчиришгача бўлган босқичларда кенг тарқалган. Бу каби ҳолатлар таълим сифатига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, мамлакатимиз олий ўқув юртларининг халқаро рейтингдаги ўрнини ҳам туширмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда бирорта ҳам олийгоҳимиз дунёдаги кучли 1 000 та университетлар рейтингига кира олмаган. Республикамиздаги энг катта олийгоҳ – Ўзбекистон миллий университети ҳам жаҳоннинг 30 мингга яқин олий ўқув юртларининг глобал рейтингини тузувчи Вебометрикс халқаро рейтингида 3 971-ўринни, бошқа рейтингларда эса 4 080-ўринда туради.

Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда жаҳон университетлари рейтингларида республикамиз олий ўқув юртлари ўрнини ошириш бўйича жиддий чораларни кўришлари лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?