Наманганлик мактаб битирувчиси 12 та олийгоҳ талабаси бўлди

09:36 13 Август 2020 Жамият
603 0

Ёшлар — эртамиз эгалари. Уларнинг ҳар томонлама чуқур билим эгаллаши, илму маърифатли, интеллектуал салоҳиятли инсон бўлиб камол топиши истиқболимиз кафолати демакдир. Кўплаб фарзандларимизнинг шуни ҳис қилган ҳолда юксак марралар сари интилаётганликлари эътирофга лойиқ. Учқўрғонлик Сайдулло Фазлиддинов ҳам ўз иқтидори билан ажралиб турадиган ёшлардан. У жорий йилда тумандаги 6-ДИМИнинг 11-синфини тамомлади. Тиришқоқ ва изланувчан йигитнинг эришган муваффақиятига кишининг ҳаваси келади. С. Фазлиддинов бир вақтнинг ўзида халқаро ва юртимизнинг нуфузли 12 та олийгоҳига талабаликка қабул қилинди. Улар орасида Ҳиндистон Шарда Университети, Британия менежмент Университети, Вебстер Университети, Кембридж коллежи, Жанубий Корея Университети, Латвия ИСМА Университети, Марказий Осиё халқаро менежмент университети (Internatsional management University of Central Asia), Жанубий Корея ТEАМ (ТEАМ) университети, Амити Университети, Инха Университети, (Management Development University of Singapore) МДИС Университети, Акфа Университети сингари олий таълим муассасалари бор.

Бошқа тенгдошларидан анча аввал талаба мақомига эришган Сайдулло мактаб давридаёқ ўқиш ва одоби билан барчага намуна бўлиб келган. У мамлакатимиз миқёсида ўтказилган кўплаб халқаро танловларнинг фаол иштирокчиси. Хусусан, «Кенгуру» халқаро математика танловида қатнашиб, сертификатни қўлга киритган. Қолаверса, шу йил октябрь ойида Австралияда ўтказиладиган математика олимпиадасининг финал босқичида ҳам иштирок этади.

Наманганлик яна бир битирувчи — вилоят марказидаги 34-умумтаълим мактабида таҳсил олган Довудхон Алижонов ҳам бир вақтда 10 та хорижий ОТМ талабасига айланди. Энди у Вестминстер , Вебстер, Ҳиндистон Шарда , МДИС , Kорея ЁДЖУ Университетлари ҳамда Кембридж халқаро коллежида ўқиш ҳуқуқига эга.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?