Намангандаги Президент мактаби битирувчилари 10 миллион АҚШ долларидан кўпроқ грант маблағларини қўлга киритди

18:14 17 Июнь 2022 Жамият
426 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоятидаги Президент мактаби битирувчилари учун «Сўнгги қўнғироқ» байрам тадбири ташкил этилди.

Тантанали маросимда таълим даргоҳи ўқувчиларининг фан асосларини ўзлаштиришдаги ютуқ ва муваффақиятлари фахр билан тилга олинди. Энг қувонарлиси, битирувчиларнинг барчаси жаҳон ва Ўзбекистоннинг нуфузли олийгоҳлари ҳамда уларнинг филиалларига ўқишга қабул қилиндилар. Бўлажак талабаларнинг аксарияти грант асосида таҳсил олишади. Бундай ёрқин натижалар замирида эса катта тажрибага эга бўлган муаллимларнинг фидойи меҳнатию тиришқоқ ўқувчиларнинг интилишлари мужассам.

Хусусан, 22 нафар битирувчининг барчаси IELTS имтиҳонларида юқори натижаларга эришди ва 10 миллион 500 минг АҚШ долларидан ортиқ грант маблағларини қўлга киритди. 4 нафар йигит-қиз «Эл-юрт умиди» жамғармаси давлат гранти соҳибига айланди.

— «Эл–юрт умиди» жамғармаси гранти орзуларим ушалишида мустаҳкам пойдевор бўлади, — дейди битирувчи Жавоҳир Исаев. — Чунки ўзим танлаган хорижий олий ўқув юртининг таълим контракти ва бутун ўқиш давридаги асосий харажатларим давлат томонидан қоплаб берилади.

Яна бир битирувчи Саидакбар Хусанов ҳам юқоридаги жамғарма грантини олган. Синфдоши Жавоҳир иккаласи иқтисодиёт йўналишидаги олий таълимни океан ортида давом эттиришмоқчи. Раҳимжон Раҳимжонов эса Тошкентдаги «Акфа» университетининг юз фоизлик гранти эгаси бўлди. Ўқувчилар орасида 15-16 тадан ОТМга кириш хуқуқига муяссар бўлганлар анчагина.

Буларнинг бари пировардида юртимиз таълим тизимида қисқа муддатда чуқур таркибий ва сифат ўзгаришлари юз берганини яна бир бор тасдиқлайди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер