Намангандаги бильярд клубида йигит ўлгудек калтакланди

19:47 13 Июнь 2024 Жамият
483 0

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларга ўғлини бир гуруҳ фуқаролар томонидан калтакланганини айтиб, айбдорлар ҳалигача озодликда юрганидан норозилик билдирган онанинг видеомурожаати сиздирилди.

Оғир тан жароҳати олиб, реанимацияда ётган ўсмирнинг онасига кўра, унинг ўғлини беш йигит калтаклаган, аммо биттаси айбланмоқда. Фарзандининг аҳволини кўрган ота ҳам инфаркт бўлиб, шифохонага тушган. Ҳозирда ота ва бола шифохонанинг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётгани айтилмоқда. 

Наманган вилоят ИИБ мазкур мурожаатда айтилган ҳодиса юзасидан изоҳ берди.

Билдирилишича, жорий йилнинг 11 июнь куни соат 11:30 ларда Поп тумани Маданият маҳалласи ҳудудида жойлашган бильярд клубида икки гуруҳ ёшлар ўзаро жанжаллашиб, улардан уч нафари турли хил даражадаги тан жароҳатлари олишган. Жумладан, М.Т. (видеодаги шахс) ҳодиса натижасида оғир тан жароҳати олган.

Ушбу ҳолат юзасидан ўша куниёқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «э, л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Айбланувчининг ушбу ҳаракатларига дахлдор бўлган қолган шахслар ҳам жиноят иши бўйича ЖКнинг 277-моддаси (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 2-қисми «б» банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва жиноят иши Наманган вилояти ИИБ томонидан алоҳида назоратга олинган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?