Наманганда «Турон» халқаро университети иш бошлади

13:25 08 Сентябр 2022 Жамият
2775 0

Фото: Халқ сўзи

Янги олий таълим муассасаси замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ахборот технологиялари дастурий таъминоти, логистика, маркетинг, туризм, молия, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, халқаро иқтисодиёт, инглиз ва рус тиллари педагогикаси, бошланғич таълим йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлайди. Бу ерда ўқув машғулотлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида ташкил этилиб, таълим жараёнига Ҳиндистон, Жанубий Корея , Малайзия, Россия ва Полша давлатларидан малакали муаллимлар таклиф этилган. Улар сафида илғор тажрибага эга маҳаллий педагоглар ҳам анчагина.

— Мен халқаро университетнинг рус тили педагогикаси факультетига кирдим, — дейди тўрақўрғонлик Дилафруз Сайдуллаева. — Эътиборли жиҳати, бу ерда таҳсил жараёнлари ахборот технологиясининг энг сўнгги русумдаги воситалари ёрдамида олиб борилиши юқори таълим самарадорлигига замин яратади.

«Турон» халқаро университети замонавий ўқув биноси, интернет тармоғига уланган кутубхона, 200 ўринли фаоллар зали, ўнлаб компьютерлашган лабораториялар, сунъий қопламали футбол майдони, шунингдек, барча шароитларга эга талабалар ётоқхонасига эга. Мазкур университет филиал эмас, бош муассаса сифатида фаолият кўрсатиши билан Ўзбекистондаги бошқа халқаро ОТМлардан фарқ қилади.

Наманган вилоятида саккизинчи олий ўқув даргоҳи ҳисобланган янги халқаро университет жорий ўқув йилининг ўзида уч минг талабани қабул қилиши режалаштирилган. Унда 120 нафар профессор-ўқитувчилар жамоаси меҳнат қилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?