Наманганда «Маънавият фестивали» бошланди

14:09 24 Октябр 2022 Жамият
343 0

Фото: Халқ сўзи

Бугундан бошлаб Наманган вилоятида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида маданий-маърифий тарғибот тадбирларига старт берилди. Бир ҳафта давомида вилоятнинг барча шаҳар-туманларида ўтказиладиган мазкур тадбирларда 150 нафардан зиёд илм-фан, адабиёт, санъат ва маданият намояндалари иштирок этади.

Кеча оқшом Наманган шаҳрида фестиваль меҳмонлари тантанали кутиб олинди. Шу билан бирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган 7 минг дона адабиётлар жамланган китоблар карвони ҳам етиб келди. Улар жойларда ўтказиладиган учрашувларда уюшма аъзолари томонидан Наманган аҳли ва кутубхоналарга бепул тақдим этилади.

Бугун Жомашўй шаҳарчасидаги мусиқа ва санъат мактаби залига тўпланган мингбулоқликлар пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонларни эҳтиром билан кутиб олдилар. Қўриқ туман аҳли билан юзма-юз учрашувда эл суйган санъаткорлар, шоир ва маънавий тарғибот тизими вакиллари бугунги мураккаб замонда инсон онгу шуурида миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлашда санъат ҳамда адабиётнинг ўрни ҳақида сўз юритдилар. Мингбулоқлик ихлосмандлар халқимиз маънавиятини янада бойитишга хизмат қилувчи асарларни кўпайтириш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.

— Таниқли санъаткорлар билан дийдорлашувдан катта таассурот олдик, — дейди мингбулоқлик ёш муаллим Элёрбек Олимжонов. — Қўшиқлар янгради, айрим фильмларнинг яратилиш тарихи ҳақидаги ҳикоялар, шоирлар уюштирган мушоирадан завқ олдик.

Тарғибот гуруҳининг Тўрақўрғон туманига ташрифи Яккатом маҳалласидаги Хўжакалон Абдулмоний зиёратгоҳидан бошланди. Уларни, айниқса, бу ерда ташкил этилган Ахси осори–атиқалари музейининг узоқ тарихга эга экспонатлари ҳайратга солди. Музей раҳбари, олим Билолхон Рустамов меҳмонларни аждодлардан қолган мерослар билан таништирар экан, яқинда аҳоли томонидан топширилган ва бундан 1200 йил аввал битилган Калом илмига оид ноёб китоб ҳақида алоҳида тўхталди.

Наманган давлат университетида эса фестиваль дастурига киритилган «Маърифат карвони» тадбири доирасида ташкил этилган адабий суҳбат ёшларни ҳаяжонга солди. Якунда фаол талабалар ва ОТМ кутубхонасига ижодкорларнинг янги нашрдан чиққан китоблари туҳфа қилинди.

«Маънавият фестивали» тадбирлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам қизғин давом этмоқда. Олдинда иштирокчиларни бир-биридан мазмунли, бетакрор лаҳзалар кутмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер