Наманганда “Маънавият фестивали“ бошланди 

14:57 18 Октябр 2019 Жамият
1207 0

Ушбу анжуман Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда Наманган вилояти ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда пойтахтдан ташриф буюрган,шунингдек, вилоятда яшаб ижод қилаётган маданият ва санъат намоёндалари, эл суйган таниқли актриса ва актёрлар, шоир ва ёзувчилар, халқ таълими ходимлари, талаба-ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган  фестиваль маънавиятнинг маъно-моҳияти,унинг қадимий илдизлари, бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари тарғиботига қаратилган. Унинг доирасида жойларда аҳолининг кенг қатламлари, аввало, ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган учрашув ва мулоқотлар ташкил этилади. Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар, анжуман ва давра суҳбатлари, адабий-бадиий кечалар уюштирилади.

Бугун эрта тонгда вилоят марказидаги “Ойдин плаза” меҳмонхонаси конференциялар залида “Маънавият фестивали” ва унинг доирасидаги тадбирлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унинг якунида “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг Наманган вилоятидаги аъзоларига хизмат гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Шундан сўнг иштирокчилар Тўрақўрғон шаҳридаги маданият марказига келдилар. Бу ерда бошланган “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она-тилим” деб номланган адабий-маърифий тадбир ижодкорларнинг ажойиб шеърлари билан дилтортар мушоира кечасига айланди.

Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуасига саёҳат маърифатпарвар юртдошимизнинг ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Мажмуадаги хорижий тилларни ўргатишга ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан танишув, хусусан, мазкур даргоҳда таҳсил олаётган иқтидорли ёшларнинг изланиш ва интилишлари меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.

- Наманганликлар ўзининг хулқ-одоби билан миллий маънавиятимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси билан ажралиб туради, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ражаб Адашев. – Айниқса, гуллар шаҳри аҳлининг майинликка йўғрилган ширин лутфини тинглаб дилингиз яйрайди. Бугун биз билан суҳбатлашган мезбонларнинг кайфияти, анъана ва урф-одатларга ҳурмати, каттаю кичикка бирдай ҳуш муомаласини кўриб, гапнинг рости, уларга ҳавасим келиб кетди. Ўйлайманки, фестивалнинг бошқа меҳмонлари ҳам бу ердан илиқ таассуротларга тўлган ҳолда қайтадилар.

Фестиваль дастурига мувофиқ, иштирокчилар куннинг иккинчи ярмида мазкур тумандаги “Ахсикент” тарихий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрадилар. Кўҳна шаҳар харобалари ёнида жойлашган музей биносида “Буюк тарихдан буюк келажак сари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилади.

Оқшомга яқин Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғида “Ободлик кўнгилдан бошланади” мавзуида маънавий-маърифий тадбир, китоблар ярмаркаси ва расмлар танлови ўтказиш режалаштирилган. Танлов қатнашчилари тақдим этган ижодий ишлар мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, ғолибларга диплом, қимматбаҳо эсдалик совғалари ва китоб жамланмалари тақдим этилади.

Икки кун давом этадиган анжуманда, шунингдек, Наманган шаҳридаги 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида “Бобом, бувим ва мен” мавзусида маънавий-маърифий, тарғибот тадбири ўтказиш кўзда тутилган. Унда вилоятдаги энг намунали оилалар вакиллари, нуронийлар, ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этадилар. Тадбирдан сўнг меҳмонлар вилоят мусиқали драма театрида намойиши режалаштирилган “Амир Темур” спектакли премьераси томошасидан баҳраманд бўладилар. Бундан ташқари Чуст шаҳридаги Мавлоно Лутфуллоҳ номли маданият ва истироҳат боғида “Маънавиятимизни шакллантиришда миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг тутган ўрни” мавзусида давра суҳбати ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказиш мўлжалланган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?