Наманганда “Hugo boss” бренди остида маҳсулот ишлаб чиқарувчи йирик корхонанинг биринчи навбати ишга тушди

16:52 06 Декабрь 2022 Жамият
488 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоят иқтисодиётида устувор ўринга эга текстиль саноатининг юксак салоҳияти хорижий тадбиркорларни тобора кўпроқ ўзига чорламоқда. Буни айни кунда Германиянинг “Wаikiki”, Туркиянинг ”Bаldessarini”, Испаниянинг Zara” сингари машҳур компаниялари билан ҳамкорликда тайёр тўқимачилик ишлаб чиқаришининг йўлга қўйилгани ҳам тасдиқлайди. Айни йўналишдаги яна бир лойиҳа рўёбга чиқарилди. Яъни «Фазман текстиль» масъулияти чекланган жамияти Германиянинг “ Hugo boss” компанияси кўмагида Европа стандартига мос тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга киришди.

40 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги ушбу лойиҳа тўла амалга ошиши билан уч мингта иш ўрни яратилади. Бугун фойдаланишга топширилган биринчи босқичда эса 1 ярим минг киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Германия ва Туркиянинг замонавий технологик жиҳозлари билан таъминланган корхонада “Hugo boss” бренди остида йилига бир миллион донадан ортиқ костюм-шим, эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари тайёрланади. Маҳсулотнинг асосий қисми ташқи бозорга чиқарилиб, 15 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалиётларини бажариш кўзда тутилган.

— Айни пайтда ушбу йўналишда жойларда ҳар бири мингдан ортиқ ишчи ўрнига эга йигирмадан ортиқ йирик субъект фаолият олиб бормоқда, — деди янги корхона тақдимотида сўзга чиққан Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. — «Фазман текстиль» масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай салоҳияти билан бандлик дастури ижросига муносиб ҳисса қўшади, албатта.

Давлатобод туманида жойлашган корхонанинг очилиш маросимида махаллий бошқарув идоралари рахбарлари, жамоатчилик ҳамда бир қатор хорижий компаниялар вакиллари иштирок этди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?