Намангандаги бир оила тарвуздан заҳарлангани ростми?

14:07 15 Август 2022 Жамият
754 0

Фото: Архив сурат

Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Наманган вилояти Норин туманида тарвуздан заҳарланганлар кўпайиб кетди» мазмунидаги хабарлар тарқалди. Айрим манбаларда ҳаттоки бир оиланинг икки нафар аъзоси айни сабаб билан вафот этгани ҳам келтирилмоқда.

Хўш, бу ҳақиқатми? Аслида нима бўлган?

«Халқ сўзи» мухбири ушбу саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Наима Холмирзаева билан боғланди.

— Ҳақиқатан, 11 август куни эрталаб туманнинг Катта Яйдоқ маҳалласида яшовчи Ҳамроқуловлар оиласининг 4 нафар аъзоси қорин оғриғи билан шифохонамизга келди. Текширувлар асосида уларга диарея ташхиси қўйилиб, юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Касаллик сабабларини аниқлаш учун беморлардан зарур таҳлил намуналари олинди ва вилоятдаги тегишли лабораторияга етказилди. Лабораториянинг аниқ хулосалари олинмай туриб, беморларнинг айнан тарвуздан заҳарлангани ҳақида шов-шув қилиш ножоиздир.

Айни масалани ўрганиш асносида «Пишиқчилик мавсумида севиб истеъмол қилинадиган полиз маҳсулотлари, хусусан, тарвуз-қовунда инсонни ўлимгача олиб борадиган даражада заҳар тўпланиши мумкинми?» деган саволга кимё фанлари номзоди Аҳмаджон Сиддиқов шундай жавоб берди:

— Одатда полиз маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш учун кўпроқ селитра ўғитидан фойдаланилади. Бу минерал ўғит экинга қанча кўп солинмасин, у концентрация жараёнида ўсимликнинг илдизи, танаси ва шоҳларига тарқалиб кетади. Мевасигача етиб борган ҳолда ҳам инсон вафотига сабаб бўладиган даражада токсик модда тўплаши ҳаётда деярли учрамайди.

Норин ТТБ бош шифокорининг айтишича, айни пайтда беморлар - 1986 ва 1991 йилда туғилган эр-хотин ва уларнинг икки фарзанди аҳволи яхши. Бугун-эрта уларга шифохонадан чиқишга рухсат берилади.

Маълумот учун. Воқеа содир бўлган хонадоннинг 1954 йилда туғилган бошлиғи Ж. Ҳамроқулов ва унинг турмуш ўртоғи 63 ёшли М. Эргашева вафоти эса бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. «Халқ сўзи».

.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер