Наманганда депутат аёл вафот этди

22:53 10 Апрель 2021 Жамият
1617 0

Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Дилшода Дадажанова 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Дилшода Дадажанова 1949 йилда Андижон туманида хизматчи оиласида туғилди. 1971 йилда Кубан давлат университетининг сиёсатшунослик факультетини тамомлади.

Кўплаб шогирдларнинг устози ўз меҳнат фаолиятини 1971 йилда Поп туманидаги 7-мактабда ўқитувчи сифатида бошлади.

1974-1983 йилларда туман партия қўмитаси йўриқчиликдан то вилоят ёшлар ташкилоти раҳбарлигигача бўлган йўлни босиб ўтди.

1983-85 йилларда Москва ижтимоий фанлар академияси аспирантурасида тахсил олди.

1985-87 йилларда Ўзбекистон ёшлар ташкилотига раҳбарлик қилди.

1987-1998 йилларда Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатди.

1998-2011 йилларда Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб, вилоят таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишда заҳматли меҳнат қилди.

Дилшода Дадажанова то вафотига қадар Поп тумани маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган эди.

«Халқ сўзи» таҳририяти марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?