Наманганда 55 мингга яқин хонадонда табиий газ таъминотида узилишлар содир бўлаётгани маълум қилинди

21:36 26 Ноябрь 2020 Жамият
340 0

Наманган вилоятида бугунги кунда аҳоли хонадонларининг 30 фоизи табиий газ, 70 фоизи суюлтирилган газ таъминоти билан фойдаланмоқда. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали директори Шавкатжон Отаханов маълум қилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан журналист ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилишича, ноябрь ойининг иккинчи ярмида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабли табиий газ истеъмолининг ортиши ҳамда магистраль газ тармоқда газ келиши босимининг пасайиши оқибатида вилоятнинг 205 та маҳалласидаги 55 мингга яқин хонадонда табиий газ таъминотида узилишлар содир бўлмоқда.

Вилоятдаги табиий газга уланган жами хонадонлар сони эса 176 мингни ташкил этади.

—Магистраль қувурларда газ босими 6-7 атмосфера бўлса таъминотда муаммо юзага келмайди. Ҳозирги кунда, афсуски, бу кўрсаткич 1,0—2,5 атмосферани ташкил этмоқда, — дейди Ш.Отаханов.

Отахановга кўра, айни пайтда Туркманистондан газ импорт қилиш бошланган ва бунинг ҳисобига Наманганда ҳам ҳолат ижобий томонга ўзгариши ҳамда газ босими кўтарилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, вилоятда 99 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари бўлиб, уларга кунига 861 минг куб метр газ етказиб берилиши режалаштирилган. Бироқ, газ босимининг пастлиги ва шохобчалар 12 соатлик режимга ўтказилгани сабабли бу кўрсаткич ҳозирда 318 минг куб метрни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, ҳукумат қарори билан Наманган вилоятига ўтган йилга нисбатан 15 минг тонна кўп суюлтирилган газ ажратилган. Бундан 7 минг тоннаси ноябрь-декабрь ойларига, 8 минг тоннаси эса келгуси йилнинг январь, февраль ва март ойларига мўлжалланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?