Наманган вилоятидаги туман ва шаҳарлар чегараларини ўзгартириш сенаторлар томонидан маъқулланди

19:21 13 Сентябр 2022 Сиёсат
237 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод тумани, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Маълумки, мамлакатимизнинг изчил тараққиёти Наманган вилоятида ҳам улкан ўзгаришларга замин яратди. Шаҳару туманларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вилоятда 2021 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6,8 фоизга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 16,1 фоизга ўсган. Бунда вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

2020 йилда Наманган шаҳри таркибида 4,9 минг гектар ер майдони ҳамда 151 минг аҳолини ўз ичига олувчи Давлатобод тумани ташкил этилди.

Натижада, урбанизация жараёни жадаллашиб, Давлатобод туманида янги инфратузилма объектлари барпо этилмоқда ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш имкониятлари кенгаймоқда.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда Наманган шаҳар аҳолиси 670 минг кишини ташкил этмоқда.

Шаҳарда бир йилда аҳолининг ўртача ўсиши 30,3 минг кишини ташкил этиши ҳисобга олинган ҳолда 2040 йилга келиб аҳоли сони табиий равишда 1,2 млн кишига етиши кутилмоқда.

Наманган шаҳрининг ўсиб бораётган аҳолиси эҳтиёжларини қондириш мақсадида 2022 йил 11 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан 472,2 гектар (шундан 276 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдонини Наманган шаҳри Давлатобод тумани таркибига ўтказиш ва ўтказилган ер майдони ҳудудида “Янги Наманган шаҳарчаси” комплексини барпо этиш таклифи илгари сурилди.

Шаҳарчани бунёд этиш учун айнан шу ҳудуд танланишига эса ҳудуднинг ўзига ҳос салқин иқлими, “Наманган” халқаро аэропортига яқинлиги, вилоятни Тошкент шаҳри билан боғловчи 4Р-112 йўли ёқасида жойлашганлиги ҳамда энг охирги меъморий ечимлар ёрдамида қуриладиган шаҳарча вилоятнинг маъмурий марказига кираверишда меҳмонлар учун алоҳида кайфият бағишлаши, шунингдек ҳудудда табиий газ, электр энергияси, оқова сув тармоғи ҳамда алоқа линияси каби муҳандислик - коммуникация тармоқлари мавжудлиги каби қатор сабабларни келтириш мумкин.

Мазкур масаланинг ижобий ҳал қилиниши Наманган шаҳрида замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига ва энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда, шунингдек, Наманган шаҳрининг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш, инвестиция ва туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод тумани, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала Сенат қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганилди.

Ушбу масала халқ депутатлари Давлатобод ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Наманган вилояти Кенгашларининг тегишли қарорлари билан маъқулланган.

Сенаторлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

“Халқ сўзи”
Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер