Наманган вилояти ҳокими Москвада меҳнат мигрантлари билан учрашди

11:13 19 Ноябрь 2021 Жамият
296 0

Фото: "Халқ сўзи"

Айни пайтда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида бўлиб турибди. Жойларда ўтказилаётган музокараларда йирик  компания ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли шартномалар имзоланмоқда. Куни кеча делегация  Москва вилояти Котово посёлкасида жойлашган акциядорлик жамияти шаклидаги «ПИК-ИНДУСТРИЯ» корхонасида бўлди. Ушбу корхона темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 238 нафар ватандошларимиз, шу жумладан, 160 нафар наманганликлар қонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқдалар.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан ватандошларимиз учун тушликка ўзбекона ош тортилди. Иш жараёнида наманганликлар билан суҳбатлашган вилоят раҳбари уларга ўз  совғаларини тақдим этди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ташкил этилиши, унинг ҳудудларда филиаллари очилиши, хорижий мамлакатлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ваколатлари берилиши орқали қонуний миграция таъминланиб, хорижда  фаолият юритаётган юртдошларимизга ҳар томонлама муносиб иш жойлари, шарт-шароитлар яратилишига давлатимиз томонидан эътибор қаратилмоқда.

- Иш жойимиз, меҳнат ҳақимиз, хавфсизлигимиз кафолатланган. Биз уйимиздан олисда ҳам давлатимиз ҳимоясида эканимизни сезиб турамиз, - дейди наманганлик йигитлар суҳбат чоғида.

 Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?