Наманган муҳандислик-технология институтида Усмон Носир хиёбони очилди

18:40 10 Ноябрь 2022 Жамият
512 0

Фото: Халқ сўзи

Айни кунларда юртимизда оташин шоир ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда. Мазкур жараёнда Наманган муҳандислик-технология институти жамоаси ҳам муносиб иштирок этаётир. Бугун бу ерда шоир сиймоси ва ижодига эҳтиром сифатида барпо этилган Усмон Носир хиёбонининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари, шиор-ёзувчилар, журналист ва драматурглар иштирок этди.

Қарийб 80 сотих майдонни эгаллаган мўъжаз хиёбонга 300 тўпдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилиб, атрофига замонавий ўриндиқлар жойлаштирилган. Бу ерда институт талабалари томонидан ясалган Усмон Носир бюсти ўрнатилиб, адабиёт бурчаклари ташкил этилди. Ҳудудда юқори тезликдаги Интернет алоқаси йўлга қўйилган. Ёз ойларида хиёбонда ёзги кутубхона ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Тантанали очилиш маросимида НамМТИ ректори Одилжон Маматкаримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари, шоир Зиёвуддин Мансуров, тадқиқотчи журналист Раҳимжон Ирисов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов ва бошқалар сўзга чиқиб, Наманган фарзанди бўлган Усмон Носир ижодини кенг оммалаштириш борасидаги ишлар кўлами ҳақида маълумот берди.

— Институт қошида очилган талабалар театр студияси «Усмон Носир» номли спектаклни саҳналаштирди, — дейди ОТМ ахборот хизмати раҳбари Маъмуржон Эргашев. — Бугун ўша саҳна асаридан парча намойиш этилди. Шоир ижодидан шеърлар ўқилди. «Дизайн» таълим йўналиши талабалари ўртасида эса «Усмон Носир — менинг нигоҳимда» мавзусида расмлар танлови ҳамда ахборот-ресурс маркази томонидан бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер