Наманган муҳандислик-қурилиш институтида Ҳиндистон ўқув хонаси ташкил этилди

18:54 23 Май 2022 Жамият
423 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилояти ва минтақа учун малакали мутахассислар тайёрлашда муносиб ўринга эга бўлган ушбу олий таълим даргоҳида халқаро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айни йўналишда навбатдаги лойиҳа доирасида институтда Ҳиндистон ўқув хонаси очилди. Шу муносабат билан Ҳиндистон элчисининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси, профессор Чандр Шекхар ва элчихона иккинчи котиби Ситеш Кумар институтга ташриф буюрди.

Профессор Чандр Шекхар ҳозирда Самарқандда сафарда бўлиб турган элчи Маниш Прабхат номидан йиғилганларни самимий қутлаб, элчихона ва институт ўртасида ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани, институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари бугун Ҳиндистонга йўл олгани ва НамМҚИда Ҳиндистон ўқув хонаси ташкил этилгани бунинг яққол далили эканини билдирди.

Қисқа мулоқотдан сўнг рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар Ҳиндистон ўқув хонаси билан танишдилар. Бу ерда ушбу қадимий давлат тарихи, маданияти, улуғ сиймолари ва урф-одатлари акс этган қўлланма ва адабиётлар, фотоиллюстрациялар, энг сўнгги русумдаги техник анжомлар ўрин олган. Ўқитувчи ва талабалар улардан фойдаланиб, дўст мамлакат ҳақидаги тушунчаларини бойитадилар.

Тақдимот маросими ҳинд куй-қўшиқларидан иборат концерт дастури билан якунланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер