Наманган мафтункор байрамга тайёрланмоқда

14:53 09 Май 2022 Жамият
1834 0

Фото: Халқ сўзи

Табиатнинг мўъжизаси бўлган гулу чечаклар ҳеч бир кишини беэътибор қолдирмайди. Аёл латофати, обод гўшалар, хуллас, гўзалликнинг неки нафис манзараси бор, барини беихтиёр гулларга менгзаймиз. Ҳатто гул байрамлари ўтказилиши ҳам бежиз эмас.

Ўтган асрнинг 61 йилида Наманган шаҳрида илк бор нишонланган ва анъана тусини олган мафтункор байрам шарофати билан бу гўша бора-бора «Гуллар шаҳри» дея эътироф этила бошланди.

Тўғри, байрамларимиз сероб. Бироқ гул сайлининг таровати бошқача. Бундай анжуман юртимизнинг айрим вилоятларда ҳам ташкил қилинди. Лекин, гул ишқибозлари ҳақли равишда таъкидлаганидек, уларнинг ҳеч бири Намангандагига ўхшамайди.

Наманган шаҳри марказидаги маданият ва истироҳат боғи, мана олтмиш бир йилдирки, гул сайлига муносиб маскан бўлиб келмоқда. Кўпчилик орзиқиб кутадиган байрам нафақат гуллар кўргазмаси, балки боғнинг чор тарафида намойиш этиладиган куй-қўшиқ ва рақслар, дор ўйинлари, аския пайрови, спортчиларнинг чиқишлари ва бошқа миллий томошалар билан чинакам халқчил тус олади. Одамлар оилалари билан чойхоналардаги сўриларни эгаллаб, хуштаъм паловни тановул қилишгани, кўнгилочар тадбирлардан ҳузур топгани, байрам шукуҳидан завқ олгани ошиқадилар.

Нафосатга йўғрилган бетакрор сайл бундан уч йил муқаддам халқаро фестиваль мақомини олгани Наманган гулчиларини янгидан-янги изланишларга чорлади. Аввалига қўшни республикаларга мезбон бўлган шаҳардаги гул байрамига эндиликда узоқ хориж давлатлари сайёҳлари ҳам катта қизиқиш билдираётгани диққатга молик.

Наманган гуллар фестивалининг жорий йилги тадбирларига ҳам астойдил тайёрланмоқда. Анжуман 22 майдан 5 июнга қадар давом этади. Тараддуд, айниқса, асосий тадбирларга мезбонлик қиладиган З. М. Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида авж олган. Бу ерда байрам кунлари юзга яқин ташкилот, муассаса ва корхона, 150 дан зиёд флорист тадбиркорлар ҳамда 300 дан ортиқ ҳаваскор гулчилар ўз кўргазмаларини намойиш этадилар. Полша, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан ҳам гулчилар таклиф қилинган.

— Бултур ўн кун давом этган фестивалда бир миллионга яқин киши байрам шукуҳидан баҳраманд бўлган эди, — дейди Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. — Меҳмонлар оқимини ҳисобга олиб, бу йил анжуман тадбирларини икки ҳафтага мўлжалладик. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, улар сони икки миллионга етиши кутилмоқда. Албатта, тадорик ҳам шунга яраша. Вилоят марказининг ўзида 25 та меҳмонхона хизматга шай. Бундан ташқари шаҳарга ёндош туманларда ҳам оилавий меҳмон уйлари тайёрлаб қўйилди.

Одатдагидай анжуман очилишида ташкил этиладиган гуллар автопаради “Namangan Flowers – 2022» фестивалининг энг ёрқин қисми бўлиши шубҳасиз. Унда ранг-баранг гуллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси байроғи билан безатилган транспорт воситалари карвони шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб йўлга чиқади. Байрам дастуридан шаҳардаги Адиблар хиёбонида гул савдоларини уюштириш, «Уч фаввора» хиёбонида ёшлар учун маданий тадбирлар, истироҳат боғида миллий ўйинлардан иборат томошалар ва спортчиларнинг чиқишлари ўрин олган. «Афсоналар водийси» тематик истироҳат паркида ёшлар учун концерт дастурлари намойиш этилади. Наманган давлат университетида гулчилик ривожига бағишланган илмий-амалий конференция ташкил қилинади. Вилоят маданий мерос ва туризм бошқармаси фестиваль меҳмонларига таништириш учун Ахсикент очиқ осмон остидаги музейи, Мавлоно Лутфуллоҳ боғи, Султон Увайс Қароний мажмуаси сингари ўндан ортиқ тарихий маданий ёдгорликларни ўз ичига олган сайёҳлик маршрутларини белгилаб қўйди.

Айтиш мумкинки, гуллар шаҳри ҳозирданоқ байрамона қиёфа касб этган. Кўнгилларга ўзгача туйғу олиб кирадиган манзаралар кўламини Бобур боғига ўтқазилаётган 10 миллион, шаҳарнинг кўча ва хиёбонларини безайдиган яна 10 миллион туп гулу чечаклар салмоғидан ҳам билиб олса бўлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер