Наманган давлат университетида 3662 нафар талаба ётоқхонага муҳтож, вазир муаммони жойида ўрганди

15:46 02 Июнь 2023 Жамият
753 0

Айни пайтда Наманган давлат университетида кундузги бўлимнинг ўзида салкам 14,5 минг талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг атиги 1594 нафари талабалар турар жойида, 3662 нафари эса ижарага олинган хонадонларда истиқомат қилишади.

Шундан келиб чиқиб, таълим муассасасида талабалар учун янги яшаш маскани қурилишига киришилди. Университетнинг Наманган шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасида бунёд этилаётган замонавий иншоот 400 ўринга мўлжалланган. Унинг лойиҳа қиймати 25 миллиард сўмдан кўпроқ бўлиб, қурилиш ишлари “Файзобод само сервис” масъулияти чекланган жамияти бинокорлари томонидан амалга оширилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Наманганда бўлиб, мазкур объект лойиҳаси билан яқиндан танишди. Қисқа муддатда фойдаланишга топшириладиган талабалар турар-жойи 7 қаватдан иборат бўлади ва бино том қисмига қуёш панеллари ўрнатилади. Натижада бино узлуксиз ҳамда тежамкор электр энергияси билан таъминланади. Иншоотнинг биринчи қаватида ўқув хонаси, ошхона, тиббий хизмат хонаси, спорт-соғломлаштириш ҳамда маиший хизмат кўрсатиш хоналари жойлашади.

Вазир талабалар турар-жойи лойиҳаси билан танишар экан, объектнинг ҳар жиҳатдан пишиқ, зарур шарт-шароитларга эга бўлиши зарурлиги юзасидан ўз таклифларини берди. Айниқса, ногиронлиги бўлган талабаларнинг турар-жой биносига кириб-чиқишларида қулайлик бўлиши учун пандуслар ўрнига кичик лифтга ўхшаш қурилмани ўрнатиш ғояси ҳаммага маъқул тушди. Қурувчи пудратчи билан суҳбатлашиш чоғида фойдаланиладиган ашё ва материаллар сифати, нархига эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Шундай қилиб НамДУ талабалари яқин қисқа вақт ичида яна бир муҳташам тураржой биносига эга бўладилар. Хўш, бу билан ОТМ ҳаётида долзарб бўлиб турган муаммо қай даражада ечим топади?

Мутасаддиларнинг айтишига қараганда, 2026 йилга қадар   яна 1200 ўринга эга бўлган ётоқхоналар қурилади. Бу билан талабаларнинг айни йўналишдаги эҳтиёжлари 80 фоизга қопланади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер