Нагоя шаҳрида биринчи «Ўзбекистон—Япония савдо уйи» очилди

13:08 22 Апрель 2024 Жамият
289 0

Япониянинг Нагоя шаҳрида «Ўзбекистон—Япония савдо уйи»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали очилиш маросимида Нагоя шаҳри мерияси раҳбарияти, Аичи префектураси кенгаши депутатлари, етакчи ишбилармон доира вакиллари ва ушбу префектурада истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Нагоя шаҳри мериясининг Иқтисодиёт, саноат ва транспорт бошқармаси бошлиғи Масатоши Хигучи сўзга чиқиб, «Ўзбекистон—Япония савдо уйи»нинг ташкил этилиши сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб бораётганидан далолат эканлигини маълум қилди. У, шунингдек, мазкур савдо уйи орқали Японияда ўзбек миллий маҳсулотларига бўлган қизиқиш янада ортиши, мамлакатимиздан турли хил маҳсулотлар экспорти кўпайишига умид билдирди.

Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ўз нутқида, сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари ҳақида маълумот берди.

Иштирокчилар юртбошимиз бошчилигида маҳаллий экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантириш, экспорт бозорини диверсификация қилиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан танишдилар.

Ўзбекистоннинг Нагоядаги фахрий консули Хироюки Ито ўз маърузасида, сўнгги йилларда япон компаниялари орасида мамлакатимиздан озиқ-овқат, тўқимачилик, ҳунармандчилик ва кулолчилик маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Нагоя шаҳрида ташкил этилган «Ўзбекистон—Япония савдо уйи» Японияда ўзбек маҳаллий маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, янги экспорт шартномаларини имзолашда кўмаклашиш, янги логистика йўналишларини ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутиши маълум қилинди.

Ҳозирги кунда ушбу савдо уйида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат, ҳунармандчилик, кулолчилик, касаначилик, тўқимачилик маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдолари амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз элчихонасининг бевосита кўмагида ушбу савдо уйида сотиладиган маҳсулотлар турларини кўпайтириш, шунингдек, қовун ва узум экспортини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳудудий ҳокимликлар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон—Япония савдо уйи»да ташкил қилинган шоу-румда маҳаллий маҳсулотлар тақдимотини амалга ошириш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?